Сенат ялпи мажлисининг биринчи иш кунида 14 та қонун маъқулланди

сен 28 / 2018

27 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, мамлакатимиз ҳамда чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати ахборот берди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Сенатор қуйидаги қонун лойиҳаларини кўриб чиқди ва маъқуллади:

“Давлат божхона хизмати тўғрисида”

Ушбу Қонун божхона органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, фуқаролар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг қўшимча ҳуқуқий механизмларини яратишга қаратилган

“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”

Қонунда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари мустаҳкамланмоқда. Қонун нормаларига мувофиқ давлат органлари ва бошқа ташкилотлар аҳоли бандлигини таъминлашга, шу жумладан хорижда фуқароларни иш билан таъминлашга қаратилган дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга хусусий бандлик агентликларини жалб қилиш, фуқароларни ишга жойлаштириш соҳасидаги давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш, фуқароларни ишга жойлаштириш масалалари бўйича ахборот кампаниялари, конференциялар, симпозиумлар, семинарлар тайёрлаш ва ўтказишга кўмаклашади.

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”

Қонун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов жараёнининг очиқ-ошкоралиги принципларига риоя этишга, фуқаролар йиғинлари раҳбарларининг давлат органларидан мустақиллигини таъминлашга, фуқаролар йиғинларининг кадрлар салоҳиятини ва маҳалла институти фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган. Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколат муддати икки ярим йилдан уч йилгача узайтирилмоқда.

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”

Қонун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этишга доир фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратишга, сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга, фуқаролар йиғини раисига (оқсоқолига) ўз билим ва бошқарув маҳоратларини намоён этишлари учун кўпроқ имкониятлар яратишга қаратилган.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”

Қонунда 5 апрелни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати куни этиб белгилаш назарда тутилган.

“Иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”

Лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхатидан фаолиятнинг қуйидаги тўртта тури чиқариб ташланмоқда: аэропортларда ҳаво орқали ташиш билан боғлиқ ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш; аудиовизуал асарлар тайёрлаш, такрорлаш ва экранда кўрсатиш; аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун дастурларни реализация қилиш, ижарага бериш; тамаки хомашёсини ферментациялаш. Бунда фаолиятнинг тўртта лицензияландиган тури - телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизматлар кўрсатиш битта турга бирлаштирилмоқда.

Қонунда устав жамғармасида давлат улуши бўлган корхоналар учун айрим талаблар, жумладан товар божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишланган бўлса, товарни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари ваколатли орган билан келишиш зарурлиги, товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида ваколатли органнинг хулосаси кераклиги, товар божхона ҳудудида қайта ишланган бўлса, товарни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асослари ваколатли орган билан келишиш зарурлиги тўғрисидаги талаблар бекор қилинмоқда.

“Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”

Ушбу Қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Фуқаролик, Уй-жой ва Солиқ кодексларига ҳамда “Нотариат тўғрисида”ги ва “Адвокатура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”

Қонунда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этганлик, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, ноқонуний аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

“Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”

Қонуннинг қабул қилиниши профилактика чора-тадбирларини кучайтиришга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шахслар ва фуқаролар жавобгарлигини оширишга, шунингдек махсус ваколатли давлат органларининг тезкор ва самарали фаолиятини ташкил этишга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига одил судловни амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”

Судлар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилишини таъминлаш, шунингдек судьялар ўртасида ишларни тўғри ва бир хил тақсимлаш мақсадида киритилаётган ўзгартиш суд ишларини автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда тақсимлашга қаратилган.

“Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти Устави ва Тартиб-қоидаларини (Истанбул, 1999 йил 7 ноябрь, 2017 йил 7 май ҳолатидаги ўзгартиришлар билан) ратификация қилиш тўғрисида”

“Ислом ҳамкорлик ташкилоти Уставига киритилган тузатишни (Абиджан, 2017 йил 10-11 июль) ратификация қилиш тўғрисида”

“Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”.

Сенат бугун ўз ишини давом эттирмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *