Прописка чекловларини бекор қилиш муддати бўйича ахборот берилди

мар 29 / 2018

alt

Адлия вазирлиги Тошкент шаҳрида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш бўйича ишлар тўхтаб қолмаганини маълум қилади.

Аввалроқ интернетда “Прописка чекловларини бекор қилиш муддати ўтиб кетди, аммо бу масъулларнинг эсидан чиқди” мазмунида тарқатилган мақолалар эълон қилинганди. Вазирлик 20 мартга белгиланган муддат Тошкент шаҳрида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйишнинг (ҳисобга олишнинг) соддалаштирилган тартибини амалга киритиш учун белгиланган муддат эмаслигини хабар қилади. 

Вазирлик хабарида таъкидланишича, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 56-бандида белгиланган муддат (2018 й. 20 март) – Тошкент шаҳрида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун белгиланган муддатдир.

Тошкент шаҳрида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш бўйича ишлар давом этмоқда. Давлат дастурига кирган бирор тадбирнинг эсдан чиқиши хатто назарий жиҳатдан ҳам содир бўлмайдиган ҳодиса. Чунки Давлат дастурига кирган ҳар бир тадбир бўйича тизимли назорат олиб борилади. Муаммоли хужжатлар бўйича Вазирлар Маҳкамасида ҳар ҳафтада 2 марта муҳокама ўтказилади, дея қайд этилади хабарда.

Адлия вазирлиги ОАВлар ва бошқа маълумот тарқатувчи манбаларни нотўғри маълумотлар ва фуқароларни чалғитадиган хабарлар беришдан тийилишга чақиради.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *