Президентнинг "Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди
17 март 2018, 09:18 592 кўрилди

alt

16 март куни Ўзбекистон Президентининг "Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат билан “Бунёдкор” стадиони барча бино ва иншоотлари мажмуаси билан бирга футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини ташкил қилиш ва спорт мусобақалари ва бошқа тадбирларни ўтказиш юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциациясининг асосий базаси этиб белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болалар ва ўсмирлар футбол академиялари, шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Республика болалар ва ўсмирлар футбол академияси ташкил қилинади.

Ўзбекистон Футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги филиалларини тугатилиб, бўшаган маблағлар Ўзбекистон футбол ассоциациясига йўналтирилади.

Қарорга кўра, икки ой муддатда маҳаллаларда футбол майдонлари қурилишини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартларида қурилишини назарда тутувчи дастур лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Ўзбек футболининг 105 йиллигига бағишлаб Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида замонавий футбол стадиони қурилади. Шунингдек, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Сижжак” дам олиш маскани негизида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот базасини ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларидаги футбол бўлимларини қисқартирилади ва бўшаётган ўқувчи қабул қилиш квоталарини олимпия ва миллий спорт турларига, шу жумладан спортнинг ўйин турларига йўналтирилади. 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясини “Бунёдкор” стадионига жойлаштиришни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрланади.

2023 йил 1 январга қадар қуйидагилар: 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, "Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси" жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клублари – барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни; 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, "Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси" жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клублари – белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ футбол бўйича спорт объектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари ва махсус профессионал спорт кийимлари, транспорт воситалари, шу жумладан махсус транспорт воситаларини олиб кирганлик учун божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари); 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, "Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси" жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клублари томонидан жалб қилинадиган хорижий мутахассислар – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

Шархлар
Реклама