Президент Жиззах вилоятида
30 март 2018, 15:21 2737 кўрилди

alt

Шавкат Мирзиёев 30 март куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати. Давлат раҳбари дастлаб Зарбдор туманидаги “Зарбдор текстил” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. 

Бу корхонани бунёд этиш бўйича Президентнинг ўтган йили вилоятга ташрифи чоғида топшириқ берилган эди. Шавкат Мирзиёев яқинда Самарқанд вилоятида бўлганида ҳар бир туманда камида иккитадан текстил корхоналари қуриш зарурлигини таъкидлаган эди. 

Янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилаётган “Зарбдор текстил” ана шундай замонавий корхоналардан. Бу ерда жами 1 минг 60 дан ортиқ киши доимий иш билан таъминланади. Маҳсулотлар ички бозорни тўлдириб, экспортга ҳам йўналтирилади. 

Менинг энг катта мақсадим одамларни иш билан, даромад билан таъминлаш, деди Шавкат Мирзиёев. Энди бир килограмм пахтамизниям четга сотмаймиз, юртимизда қайта ишлаймиз, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб  чиқарамиз.

Шу ерда Жиззах вилоятида тўқимачилик, кимё, фармацевтика соҳаларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этишга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

alt

Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳридаги 2-ички ишлар бўлинмасини бориб кўрди. 

Замонавий бўлинма биносида милиция ходимлари учун барча шароит яратилган. Шаҳардаги ҳамма участка нозирлари уй-жой, енгил автомашина билан таъминланган. Бундай эътибор ходимларнинг дунёқарашини ўзгартириб, бурчига садоқатини мустаҳкамламоқда. 

Ҳуқуқ-тартибот идоралари одамларнинг осойишталигини, жиноят бўлмаслигини кафолатлаши керак. Бунинг учун юриш, ҳар бир ҳолатдан хабардор бўлиш зарур. Милиция маҳалла билан бирга ишласа, жиноятчилик бўлмайди, деди Президент.

Шаҳар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган инновацион тизимлар, милиция ходимлари ўртасидаги мобил алоқа дастури билан танишди. 

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, йўл-транспорт тизимини тартибга солиш, бу борада Жиззахда ҳам Тошкент шаҳри тажрибасини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Профилактика инспекторларини ахборот технологияларига ўқитиш, бу бўйича илмий-амалий қўлланма яратиш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари мазкур бўлинмада «Заргарлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва профилактика инспектори билан суҳбатлашди. Жамоат жойларига, биринчи навбатда, болалар боғчалари ва мактабларга кузатув камералари ўрнатиш бўйича топшириқ берди.

alt

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳри Заргарлик маҳалласида аҳоли билан суҳбатлашди.

Ҳамма жойда ўзим юрганимнинг сабаби – бошқа раҳбарлар ҳам пастда юриши, ҳаётни ўрганиши, оёғи ердан узилмай, халққа хизмат қилиши учун. Жиззахга ҳам вилоятни ривожлантириш, одамларга ҳар томонлама шароит яратиш бўйича кўпдан-кўп режалар билан келдик, деди давлат раҳбари. 

alt

Барча туманларда фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш, Фориш туманида сув омбори қуриш орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, лалми ҳудудларни узумчиликка ихтисослаштириш, “Обод қишлоқ” дастури асосида қишлоқлардаги аҳволни яхшилаш, томорқалардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Кўряпсизлар, кўп тизимларни ўзгартиряпмиз, одамларга осон бўлиши учун ҳамма чораларни кўряпмиз, деди Шавкат Мирзиёев. Одамлар ҳам ўзи учун ҳаракат қилиши, давлат яратаётган имкониятлардан фойдаланиши керак.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама