«Президент айтди деб тўйни тўхтатиш, бу Президентга хиёнат». Шавкат Мирзиёев Ёшлар иттифоқи раисини кескин танқид қилди
13 июн 2018, 13:25 3520 кўрилди
alt
 

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши раисини саволга тутиб, водийда тўй кортежини тўхтатиб, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборган Ёшлар иттифоқи раҳбарининг ҳаракатларига муносабат билдирди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар беради

«Баландпарвоз гаплар, тўйларни йўлда тўхтатиш менга керак эмас. Тўйларни йўлда тўхтатгандан кўра, сенга ўхшаган ёшларнинг катталари, дунёқарашларингни ўзгартиринглар. Мен тўй масаласини, у бир йилда бўлмайди, нима учун чўзяпман, муҳит пайдо бўлиши керак олдин. Президент айтди деб тўйни тўхтатиш, бу Президентга хиёнат», – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев 5 июнь куни ОАВ ходимлари билан учрашуви чоғида Наманганда кўчада тўй кортежини тўхтатиб, келин билан куёвни таксига ўтқазиб юборганини гапириб берганди. Ушбу хабардан сўнг ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан унинг бу хатти-ҳаракати кескин танқид қилинди. 

Кейинроқ Kun.uz журналисти Қаҳрамон Қуронбоевни истеъфога чиқишга чақириб мақола эълон қилди. Шу куниёқ Қуронбоев Facebook’да Kun.uz'га онлайн интервью берди, бироқ мазкур суҳбат чоғида ҳам ҳодиса тафсилотлари тўлиқ очиқланмади. ЁИ раҳбари бу гал тўй кортежи тўғрисидаги саволга жавоб бераркан, келин-куёвни таксига ўтқазиб юборгани ҳақида оғиз очмади. Хуллас, бу чиқиш омма кутганидек натижа бермади. 

Мазкур воқеа ҳақиқатдан ҳам юз берганми...йўқми? Рост бўлган тақдирда, наҳотки, воқеанинг бирор-бир гувоҳи топилмаса? Бу саволлар ҳамон жавобсиз қолмоқда.

Давлат раҳбарининг кескин танқидидан сўнг ташкилот ва унинг раҳбари фаолиятида қандай ўзгаришлар кузатилади? UZ24 воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама