Олий таълим муассасалари ходимларининг маоши 25 фоизга оширилади
06 апрел 2018, 09:04 1648 кўрилди

alt

Президент 5 апрель куни “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилинди.

Мазкур қарор 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб 81 та олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва 136 та илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимлари таркибининг барча базавий лавозим маошлари миқдорлари сезиларли оширилишини назарда тутади: ҳаммаси бўлиб 38 мингдан ортиқ олий таълим муассасалари (28,1 минг одам) ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари (8,0 минг одам), шунингдек 1,9 минг докторантлар.

Ҳужжат шарҳида келтирилишича, айни вақтда республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидаги илмий ҳамда илмий-педагогик кадрларнинг салоҳияти паст даражада қолиб кетмоқда. Илмий унвон ёки илмий даражага эга бўлган олий малакали илмий ва илмий-педогогик кадрларнинг мазкур жараёнлардаги улуши тинимсиз пасайиб бораяпти. Кўп ҳолларда бу вазият илмий ходимлар ва профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий унвон ёки илмий даражалар олишга бўлган уриниши сўнги йиллар давомида моддий манфаатдорлик оқибатида пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда, чунки стажерлар (илмий унвон ва даражасиз) билан профессор-бош илмий ходимлар (илмий унвон ёки даражага эга) ўртасидаги фарқ 50 фоиздан ортмаган ҳолда сақланиб қолинмоқда.

Базавий лавозим маошлари табақалаштирилган ҳолда оширилиб, биринчи ўринда илмий унвон ёки даражага эга бўлган ходимларга тадбиқ этилади. Ўртача ҳисобда базавий лавозим маошлари 25 фоизга оширилади (стажерларга 5% дан олий таълим муассасалари профессорлари ва илмий-тадқиқот институтларининг бош илмий ходимларига 38% гача). Табақалаштирилган базавий лавозим маошлари оширилишини назарда тутган ҳолда эгаллаб турган лавозимидан, илмий унвон ёки даражаси борлигидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда стажер билан профессор ўртасида базавий лавозим маошлари миқдорлари 100 фоизга, ёки икки бараварига оширилиши кўзда тутилади. Таклиф қилинаётган чора-тадбирлар олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби ва илмий-тадқиқот институтларининг илмий ходимлари ўз билимлари ва касбий кўникмаларини доимий равишда ошириб боришлари, илмий фаолиятларини олиб боришлари учун рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилди.

2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб базавий лавозим маошлари оширилишига ҳаммаси бўлиб 73,8 млрд. сўм (38,4 – давлат бюджети маблағлари), улардан 60,3 млрд. сўм – олий таълим муассасалари учун (24,9 - млрд.сўм давлат бюджети маблағлари), 11,3 млрд. сўм – илмий-тадқиқот институтлари учун, шунингдек, 2,2 млрд. сўм олий таълимдан кейинги таълим институтлари учун қўшимча ажратилиши режалаштирилган. Шу билан бирга республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларига меҳнат ҳақи тўлашда қўшимча ойлик ҳаражатлари миқдори 18,4 млрд. сўм бўлиб, жумладан, 9,6 млрд. сўми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қарор билан алоҳида белгиланганки, олий таълимдан кейинги таълим институтларида таълим олаётган 1923 нафар тадқиқотчиларга илмий унвони ёки даражаси бўлмаган кичик илмий ходимнинг базавий лавозим маоши миқдорларига тенглаштирилиб, 1,76 млн. сўм, (базавий докторантура, 1669 нафар) ҳамда фан номзоди илмий даражаси ёки унвони бўлган етакчи илмий ходимнинг базавий лавозим маоши миқдорларига тенг бўлган - 2,2 млн. сўм (докторантура, 254 нафар) миқдорида оширилган стипендия (17 фоиз-18 фоизга оширилади) тўланади.

Мазкур ҳужжат билан фан доктори илмий даражаси бўлган профессорлар меҳнат ҳақи миқдори 38-44% га оширилади ва амалдаги 2,5 млн. сўм ўрнига 3,46 млн.сўм бўлади ва шу билан стажер-ўқитувчининг меҳнат ҳақи миқдори билан 100 фоизли тафовутни ҳосил қилади (стажер маоши – 1,73 млн.сўм).

Илмий-тадқиқот муассасаларида фан доктори даражаси ёки профессор унвонига эга бош илмий ходимнинг меҳнат ҳақи амалдаги 2,25 млн. сўм ўрнига 38 фоизга оширилиб, 3,11 млн. сўмга етади, стажер-тадқиқотчи меҳнат ҳақи миқдоридан 100 фоизга ёки икки бараварга оширилади (стажер маоши – 1,55 млн. сўм.).

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама