Мактабгача таълим муассасалари ходимларининг маоши оширилади
28 феврал 2018, 17:20 3878 кўрилди

alt

Ўзбекистон Президенти 28 февралда "Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар беради.

Ҳужжатга кўра, 2018 йил 1 мартдан бошлаб мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари 30 фоизга оширилади.

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда – 30 фоизга;
  • олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини – 20 фоизга;
  • мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини – 10 фоизга табақалаштириб оширилади.

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида, Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида болалар сақлангани учун амалдаги ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда икки баравар пасайтирилади.

2018 йил 1 мартдан бошлаб давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбиячининг ёрдамчиси меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб жорий этилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Мехмон
  02 март 2018, 18:48
Хамма нарса кимматлашиб сумнинг кадри кетмаса кани еди
Реклама