Хоразм вилоятининг ҳокими ва унинг икки нафар ўринбосари ўз вазифасидан озод этилди
25 апрел 2018, 13:59 4073 кўрилди

alt

Хоразм вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Мақсуд Сапаев, Инвестициялар бўйича ўринбосари Темур Раҳмонов ҳамда Қўшкўпир тумани ҳокими Сардор Юсупов йўл қўйган сусткашликлари учун эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Бундан ташқари, сектор раҳбарларига, бир қанча мутасаддиларга интизомий жазо чоралари кўрилди ва уларга синов муддати берилди. 

Президент Хоразм вилоятида ҳам ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимлари ва тегишли соҳалар мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказди. 

Ишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг 21 апрель куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Илгизар Собиров вазифасидан озод қилинган эди. Унинг ўрнига Фарҳод Эрманов вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда давлат раҳбари вилоятда кейинги пайтда ижтимоий-иқтисодий ривожланишда кўплаб масалалар тўпланиб қолгани, муаммоларни ҳал этишда вилоят раҳбариятининг ишни бўшаштириб юборгани, вилоятнинг биринчи раҳбарида талабчанлик ва қатъият етишмаганини кўрсатиб ўтди. Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманлардаги секторларнинг ишлари ҳам қониқарсиз ташкил этилганини қайд этди.   

Йиғилишда ҳеч нарса қарсак билан бўлмаслиги, ишдаги тартиб ва интизом юқори натижаларнинг қўлга киритилишида бирламчи омил бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди. 

Вилоятда кўплаб соҳаларда оқсоқликлар кузатилмоқда. Янги иш жойларини ташкил этиш, бюджетнинг даромадлар базасини кенгайтириш, вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, боқиманда қарздорликни камайтириш, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш ишларида жиддий қолоқликлар мавжудлиги, вилоятнинг туризм имкониятлари кенг бўлишига қарамасдан, ушбу соҳада ҳам кўплаб муаммолар тўпланиб қолганлиги таъкидланди. 

Йиғилишда вилоятнинг янги раҳбарияти ва барча мутасаддилар олдига қатор вазифалар қўйилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама