Ғиждувон туманининг бир қисми Навоий вилоятига ўтказилди

сен 28 / 2018

 

– Сенат қарори билан тумандаги “Зафаробод” қўрғони Конимех тумани ҳудудига қўшиб берилади

– Давлат раҳбари ушбу ташаббусни илгари сурганди

– Қўрғонда 6 мингга яқин аҳоли яшайди, туман марказидан 80 км узоқликда жойлашган

– Ижтимоий-маиший эҳтиёжлар Навоий кон-металлургия комбинати маблағлари ҳисобидан тўлаб келинади

Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ва Навоий вилоятининг Конимех тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқилди, деб хабар беради ЎзА.

Давлат раҳбари жорий йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи давомида Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги “Зафаробод” қўрғонини Конимех тумани ҳудудига қўшиб бериш ташаббуси илгари сурилган эди.

Ҳудуддаги “Зафаробод” қўрғонида бугунги кунда 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Қўрғонда 31 кўп қаватли уй, 1 мактабгача таълим муассасаси, 2 умумтаълим мактаби, 1тиббиёт муассасаси ва бошқа қатор ташкилотлар ишлаб турибди. Шунга қарамасдан бугунги кунда “Зафаробод”да ўз ечимини кутаётган айрим масалалар мавжуд.

Жумладан, “Зафаробод” қўрғонидан Ғиждувон тумани марказигача бўлган масофа 80 километрни ташкил қилади. Бу эса, аҳолининг тез тиббий ёрдам ва маъмурий идоралар хизматидан фойдаланиш, ижтимоий-маиший эҳтиёжларини қондиришида ноқулайлик туғдирмоқда. Зафарободлик киши давлат хизматларидан фойдаланиш учун Ғиждувон тумани марказигача камида 80 километр масофани босиб ўтиши керак. Бунга қарийб 2 соат вақт кетади. Бундан ташқари, қўрғонда 48 км ичимлик суви, 26 км табиий газ, 64 км электр тармоқлари, 5 км марказлашган иссиқлик тармоқлари мавжуд бўлиб, уларни модернизация қилиш ва таъмирлаш ишлари ҳам Навоий кон-металлургия комбинати маблағлари ҳисобидан амалга ошириб келинмоқда. Шуни инобатга олиб ҳамда корхонанинг Навоий вилоятида жойлашганлигидан келиб чиқиб “Зафаробод” қўрғонини вилоятнинг Конимех тумани таркибига ўтказиш ҳақида Сенат қарори қабул қилинди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *