Халқаро миграция ташкилоти раҳбари Ўзбекистонга ташриф буюрди
02 апрел 2018, 13:14 943 кўрилди

alt

2 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) Бош директори Вильям Лейси Свинг бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилади.

Айни пайтда Ўзбекистон ХМТга аъзо эмас. Мазкур ташкилот вазифасига миграция масалаларини ҳал қилишда кўмаклашиш, ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш киради.

ТИВда бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ташкилот фаолиятида тўлақонли аъзо сифатида қатнашиш имкониятини кўриб чиқаётганлиги ХМТ делегациясига маълум қилинди. Шу нуқтаи назарда ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

ХМТ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи дастуридан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Ҳукумати, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Бош прокуратурада учрашувлар ўтказиш ўрин олган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Реклама