Ўзбекистонга хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштириш бўйича Президент қарори қабул қилинди
06 июл 2018, 10:38 1877 кўрилди

alt

Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали.

Қарорга мувофиқ электрон кириш визаларини расмийлаштириш ва бериш тизими – «E-VISA» жорий этилади.

«E-VISA» тизими:

— хорижий фуқароларнинг кириш визасини расмийлаштириш учун Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат этишларини бекор қилиш;

— хорижий фуқарони визани олиш учун мурожаатини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш;

— визани расмийлаштиришда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

— визаларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш орқали электрон кириш визасини расмийлаштиришнинг марказлаштирилган тизимини яратишни назарда тутади.

Бундан ташқари 2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда хорижий фуқароларнинг турли тоифаларига қуйидаги қўшимча виза режимларини жорий қилиш бўйича таклиф киритиш бўйича мутасадди идораларга вазифалар юкланди:

— «Silk road» – Ипак йўли мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилаётган туристлар учун бошқа мамлакатлар виза белгиларини тан олиш имконияти;

— «Vatandosh» – келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлганлар ва уларнинг оила аъзоларига – беш йиллик виза;

— «Golden visa» – йирик хорижий инвесторлар учун – ўн йиллик виза.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама