Ўзбекистонда янги ташкил қилинган Пучон университетига қайси йўналишлар бўйича имтиҳон топширилади?

июл 03 / 2018

alt

2 июль куни Президент “Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғриси”даги қарорни имзолади.

Қарорда белгиланишича, янги университетда кадрлар, биринчи навбатда, мактабгача таълим муассасаларининг педагог кадрларга, шунингдек, архитектура ва дизайн соҳасида ҳамда талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида малакали кадрларга бўлган эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланади.

Таълим олиш — ўзбек, рус ва инглиз тилларида, кундузги, сиртқи ва кечки шаклларда, тўлов-контракт асосида, шу жумладан, потенциал иш берувчилар – юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари бўйича, шунингдек, асосан мамлакат минтақалари ёшларининг таълим олиши учун ажратиладиган ҳомийлик хайриялари ҳисобига амалга оширилади.

Университетга қабул 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим, корейс тили, шунингдек, архитектура ва дизайн йўналишлари бўйича умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга шахслар ўртасида кириш имтиҳонлари ўтказиш орқали амалга оширилади. Кириш имтиҳонларини ўтказиш шакли, тартиби ва муддати Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Пучон университети (Корея Республикаси) томонидан белгиланади.

Битирувчиларга қўшимча юридик тартиб-таомилларсиз Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган Пучон университетининг (Корея Республикаси) белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Университет Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Қатортол кўчаси, 2-берк кўча, 38а-уй манзилида жойлашган Чилонзор педагогика коллежининг биносида жойлашади. Чилонзор педагогика коллежининг ўқувчилари ўқишни тамомлагунларига қадар Университетга берилган биноларда ўқишни давом эттиришади, кейнчалик эса бино ва иншоотлар Университетга берилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *