Ўзбекистонда маданият муассасалари ва архив ходимлари маоши 45 фоизга оширилади
15 мая 2018, 14:20 2965 кўрилди

alt

2018 йил 1 июндан давлат маданият муассасалари артистлари, маъмурий-бошқарув, бадиий-раҳбар, ижодий ва бошқа ходимларининг, шунингдек, давлат архивлари бошқарув ходимлари ва мутахассисларининг меҳнат ҳақи миқдорларини ўртача 45 фоизга оширилади. Бу Президентнинг «Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида»ги қарори билан белгиланди. 

Қарорга кўра, давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимларининг малака тоифалари ва лавозимлари бўйича базавий лавозим маошларини белгилашни назарда тутувчи меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ҳамда лавозим маошлари ўртасидаги тафовутни кўпайтириш ҳисобига касбий ўсиш рағбатлантирилади.

Ўзбекистон давлат цирки, ҳайвонот боғлари, Маданият вазирлигининг кўзи ожизлар учун кутубхоналари ҳамда давлат архивлари ходимларининг алоҳида тоифаларига театр-концерт ташкилотларининг артистлари ва бадиий ходимларига узоқ муддат хизмат қилганлиги учун белгиланган миқдорларда ҳар ойда тақдирлаш пули тўланади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизими жорий этилиши ва узоқ муддат хизмат қилганлиги учун ҳар ойда тақдирлаш пули тўланиши билан боғлиқ харажатлар бюджет маблағлари ва тегишли давлат маданият муассасалари ҳамда давлат архивларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

2018 йил 1 июндан концерт-томоша кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган, юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан, норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромадлар оладиган микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 30 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Реклама