Ўзбекистонда фан ва олий таълим соҳаси ходимлари маоши оширилади

июл 21 / 2018

alt

Президент Шавкат Мирзиёев «Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини янада ошириш, илмий ва илмий-техник фаолият натижалари жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 августдан Ўзбекистон Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг иш ҳақи миқдори 2 баравар;

2018 йил 1 сентябрдан илмий фаолиятни конструктор-технологик таъминлаш, илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш вазифалари юклатилган илмий-тадқиқот муассасалари муҳандис-техник ходимларининг иш ҳақи миқдори эгаллаб турган лавозими ва илмий фаолият соҳасидан келиб чиқиб, 30 фоиздан 100 фоизгача табақалаштирилган миқдорда оширилади.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини ва инновация ишларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари, илмий фаолиятни конструктор-технологик таъминлаш, илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш вазифалари юклатилган илмий-тадқиқот муассасаларининг муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори қуйидаги икки босқичда оширилади:

2019 йил 1 январдан — 20 фоизга;

2019 йил 1 июлдан — 25 фоизга.

Инновацион ривожланиш вазирлигига Фанлар академияси, Молия вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан биргаликда икки ой муддатда илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармасини 100 миллион доллар миқдоридаги ҳисоб-рақамларини очган ҳолда ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасини киритиш топширилди.

Жамғарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

Ижтимоий-иқтисодий соҳани янада ривожлантириш мақсадида илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини жадал ва кенг жорий қилиш;

Илмий ва илмий-техник фаолиятни юқори технологик тадбиркорлик стартап-лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш орқали амалий натижаларга эришиш учун йўналтириш;

Тадқиқотларни амалга оширилаётган стартап-лойиҳаларда таъсисчи сифатида иштирок этиш орқали тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва технологияларни жадал ишлаб чиқишга йўналтириш.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *