Ўзбекистонда анор бренди яратилади
12 июн 2018, 12:42 5515 кўрилди
alt
 
Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қува туманидаги “Фарғона анорчилик” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма фаолияти билан танишди, деб хабар қилади Президент матбуот хизмати.
 
300 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ушбу агрофирма анор етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган. Айни пайтда 289 гектар ерга 15 навга яқин 272 минг тупдан зиёд анор кўчатлари экилган. Беш юзга яқин кишининг бандлиги таъминланган. 2025 йилгача анорзор майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Анорзор тўлиқ ҳосилга киргач 10 минг тонна маҳсулот етиштирилади.
 
Давлат раҳбари ушбу анорзорни кириб кўрди.
 
«Тепа Худодан, паст бандадан. Ерга меҳр бериб ишласа, ақл билан экиб, парваришласа, албатта ўз натижасини беради. Ҳамма соҳада маҳсулотни қаерга сотишни, меҳнат ва харажатга нисбатан кўпроқ даромад олишни ўйлаш зарур. Бунинг учун аввало илм керак. Бозор талабини ўрганадиган, замонавий билимларни татбиқ этадиган, маҳсулотнинг ҳосилдорлиги ва сифатини таъминлайдиган ким - кадрлар. Шунинг учун анорчилик бўйича ҳам мутахассислар тайёрлашга эътибор бериш керак, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Анорчилик бўйича илмий марказ, Фарғона давлат университетида кафедра ташкил этиш, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ген технологиясини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. 
 
Ўзбекистон анори бўйича бренд яратиш, Фарғона вилоятида яқин йилларда анорзорларни 20 минг гектарга етказиш, кўчатчиликни кенгайтириш, данаксиз анор навларини ўзлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг
Шархлар
Реклама