Ўзбекистон ва Туркия Президентлари телефон орқали мулоқотда бўлди

фев 27 / 2018

alt

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилади.

Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоғанни туғилган куни билан самимий қутлаб, унинг Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қардошлик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган катта эътибори ва саъй-ҳаракатларини ҳамда қўшаётган улкан ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига амалга оширилган олий даражадаги ташриф доирасидаги самарали учрашув ва музокаралар кўп қиррали ва ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани ҳтаъкидланди.

Мазкур тарихий ташриф якунлари бўйича эришилган аниқ келишув ва имзоланган битимларнинг бажарилиши, жумладан, савдо, инвестиция, банк-молия, транспорт, туризм ва бошқа муҳим соҳалардаги йирик қўшма лойиҳаларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш борасида келишиб олинди.

Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга бўлғуси олий даражадаги ташрифига тайёргарлик кўриш ҳамда муқаддам эришилган келишувларни бажарилиши масалалари юзасидан Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ташкиллаштириш муҳимлиги эътироф этилди.

Суҳбат чоғида икки мамлакат раҳбарлари ўзбек-турк ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича фикр алмашди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *