Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 30 га яқин ҳужжат имзоланди
09 март 2018, 16:26 3225 кўрилди

alt

9 март куни Душанбе шаҳрида ўтказилган кенгайтирилган таркибдаги Ўзбекистон–Тожикистон музокараларидан сўнг эришилган келишувлар бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев ва Президенти Имомали Раҳмон Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот, Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган жами 27 та ҳужжат имзоланди. 

Матбуот анжуманида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон музокаралар дўстона, очиқ ва амалий руҳда ўтганини, мулоқотлар натижасидан мамнунлигини қайд этди.

“Биз Ўзбекистон ва Тожикистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа устувор соҳалардаги муносабатларини мустаҳкамлашга доир долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Бунинг натижаси сифатида муҳим ҳужжатлар – Давлат чегараси бўйича шартнома ва Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисида битим имзоланди. Бугун эришилган тарихий келишувлар нафақат халқларимиз, балки бутун минтақа учун улкан аҳамиятга эга”, деди давлатимиз раҳбари.

Давлат раҳбарларининг музокаралари, ишбилармон доираларнинг бевосита мулоқоти натижасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларга олиб чиқиш бўйича келишувга эришилди.  

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлашича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳал қилинмаган масалалар қолмаган. 

Томонлар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшнилик асосида янада мустаҳкамлашга интилишини билдирди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  11 март 2018, 22:37
Самимий дустлигимиз абадий булсин!
Мехмон
  10 март 2018, 18:32
фукароси ек шахс учун виза бекор килиндими?
Реклама