Ўзбекистон ва Франция Президентларининг музокаралари самарали бўлди

окт 09 / 2018

– Савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, технологиялар, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди

– Музокарада 10 ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди

alt

Елисей саройида 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэл Макроннинг учрашуви бўлиб ўтди. 

Шавкат Мирзиёев Эммануэл Макронга Францияга таклифи ҳамда Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон ишончли ва истиқболли шерик бўлган Франция билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини алоҳида таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Франция давлатимиз раҳбари расмий ташриф билан келган Европадаги биринчи мамлакат эканини қайд этиб, икки мамлакатни буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI давридан буён ўрнатилган ўзаро ҳурмат ва савдо алоқалари боғлаб турганига эътибор қаратди.   

Ўзбекистон Францияни дунёнинг етакчи давлатларидан бири, улкан сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар салоҳиятга эга мамлакат деб билади. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси билан Франция раҳбарининг ислоҳотлар дастури сиёсий ва иқтисодий модернизация, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳокимият органлари фаолиятини халқ ва давлат манфаатларига хизмат қилишга йўналтириш жиҳатидан  ўхшаш экани таъкидланди.

Томонлар минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш муҳимлигини қайд этдилар. 

Франция Президенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли янгиланишларни қўллаб-қувватлаётганини тасдиқлади ҳамда мамлакатимиз раҳбариятининг дўстлик, ўзаро манфаатли шериклик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юксак баҳолади. 

Икки давлатнинг халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга доир ёндашувлари яқин ёки мос экани таъкидланди. 

Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёнинг тинч ва изчил тараққиётини таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётгани алоҳида таъкидланди. 

Давлат раҳбарлари минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш зарурлигини яна бир бор таъкидлаб, бунда олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан можаронинг барча томонлари ўртасида тўғридан-тўғри сиёсий мулоқотни таъминлаш ушбу муаммони ҳал этишнинг бирдан бир йўли эканини қайд этдилар. 

Кейинги йилларда сиёсий мулоқот фаоллашгани ва бундан буён мунтазамлик касб этиши лозимлиги таъкидланди. 

Ҳукуматлар ва вазирликлар даражасида мунтазам мулоқот амалга оширилмоқда. Ташқи сиёсий идоралар ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Парламентлараро алоқалар изчил ривожланмоқда. 

Савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, технологиялар, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди. 

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссияси фаолиятига алоҳида аҳамият қаратилди. Ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. 

Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ўзаро савдода энг кўп қулайлик яратиш тартиби ўрнатилган, Икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида конвенция ва бошқа ҳужжатлар имзоланган.  

Шу муносабат билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Франция тадбиркорлари ҳаракати - “МЕДЕФ” билан биргаликда ташкил этилган бизнес форум якунида Европанинг илғор тажрибаси, билимлари ва технологиялари асосида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

alt

Хусусан, Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати 600 миллион еврога яқин инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди.

Франциянинг «Эйрбас», «Тоталь», «Тоталь Эрен», «Винчи», «Орано», «Веолия», «Фивс Штейн», «Буиг», «Ранжис» ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.  

Учрашувда маданият ва санъат, туризм, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, археология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонга келаётган франциялик туристларга нисбатан визасиз тартиб  жорий этилгани ва Франция бу борада Европанинг биринчи мамлакати бўлганини таъкидлади. 

Мамлакатимизда француз тилини 300 минг нафар мактаб ўқувчилари ва талабалари ўрганмоқда. Яқинда Тошкентда Француз тили ва маданияти маркази ташкил этилди. 

Иқтисодиёт, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда Страсбург университети ва Пантеон Сорбонна университети Париж академияси филиалларини очиш борасида келишувларга эришилди. 
 
Мамлакатимиз тарихий ва маданий меросига улкан қизиқишни ҳисобга олиб, 2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказиш хусусида келишувга эришилди. Бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан бирига бағишлаб Луврда ўтказиладиган илк шундай тадбир бўлади. 

Ташриф давомида автомобиль транспортида ташиш, туризм, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, техник кўмак, космосни тадқиқ этиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, маданият ва бошқа соҳаларга оид 10 ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. 

Музокаралар якунида ҳужжатлар ўзаро алмашилди. 

Давлат раҳбарларининг самарали музокаралари Ўзбекистон ва Франция ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга, уни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканининг ёрқин тасдиғи бўлди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *