Ўзбекистонда биринчи АЭС Тўдакўл яқинида қурилади (+видео)

окт 10 / 2018

 

– Бугунги кунда 31 мамлакатда 451 энергоблокка эга 191 та АЭС мавжуд

–  Ўзбекистонда илк АЭС 2028 йилда фойдаланишга топширилади

– 10 миллиард доллар атрофида маблағ сарфланади

– Энг замонавий хавфсиз даражасига тўла жавоб берадиган ССЭР-1200 3+сўнгги авлод реакторлари билан жиҳозланган иккита энергоблок қурилади

9 октябрь куни “Ўзатом” атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги кўмагида Россиянинг “Росатом”  давлат корпорацияси “Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш. Россия тажрибаси ва илғор технологиялари” номи остида семинар ўтказди.

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси, “Ўзатом” агентлиги, тегишли вазирлик ва идораларнинг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди. Шунингдек, атом энергетикасини тинч мақсадларда ривожлантирадиган мамлакатлар учун тартиб-қоидаларни тушунтириш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган АЭХА вакиллари ҳам семинарда иштирок этдилар. 

“Росатом” давлат корпорацияси корхоналари ва Ўзбекистон Фанлар академияси вакиллари семинар доирасида маъруза қилди. 

“Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томонидан танланган Россия технологиялари ишончли, хавфсиз, экологик жиҳатдан тоза ва АЭХАнинг энг сўнгги талабларига тўла жавоб беради. Айнан шунинг учун, республикада ССЭР-1200 3+сўнгги авлод реакторлари билан жиҳозланган иккита энергоблок қурилади.

“Ўзбекистон ва Россиянинг атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлиги бир неча ўн йилларни ташкил этади. Бугун биз муҳим босқич бўсағасида турибмиз. Ўзбекистонда атом электр станциясининг қурилиши республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига туртки бўлади, аҳолининг турмуш даражасини ва мамлакатнинг илмий, техник ва кадрлар салоҳиятини оширишга ёрдам беради”, - деди “Русатом – Халқаро тармоқ” компанияси президенти Александр Мертен.

Илк атом электр станцияси Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл кўли яқинида қурилади. Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори ўринбосари Илҳом Содиқов маълум қилишича, АЭС қурилиши учун 70 дан ортиқ жой ўрганилган.
 
Электр станция 2028 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда бунёд этиш режалаштирилаётган АЭС каби станцияни қуриш учун 10 миллиард доллар атрофида маблағ сарфланади.

Маълумот учун, 2018 йилнинг 7 сентябрь куни Москвада Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича Ҳамкорлик битими имзоланган.

Видео

Видео: @Zamontv

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *