Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги "Ўзавтотранс" этиб қайта номланди

мар 07 / 2018

alt

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги (“Ўзавтотранс”) этиб қайта номланди. Агентликнинг дарё транспорти соҳасидаги давлат бошқаруви бўйича ваколати Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўтказилди. Бу Президентнинг 6 мартдаги «Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжат шарҳида келтирилишича, сўнгги йилларда республика иқтисодиёти ва аҳолисига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Йўловчи ташиш йўналишлари тармоғи кўлами 1,4 бараварга ортди, республика бўйича 117 та йўловчи автовокзали ва автостанцияси фаолият кўрсатмоқда. 

Ҳаракатдаги таркибни замонавий, қулай автобуслар, микроавтобуслар, юк автомобиллари билан янгилаш, йўналишларни оқилона ташкил этиш ва кенгайтириш, ташишлар хавфсизлиги чораларини кучайтириш ҳисобига аҳолининг автомобиль ташишларига эҳтиёжини имкон қадар тўлақонли таъминлаш автомобиль транспортини ривожлантиришнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Ушбу факторларни ҳисобга олган ҳолда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган бўлсада, автотранспорт хизматлари соҳасини жадал ривожлантиришнинг мавжуд имкониятлари ва захираларидан тўлиқ ҳажмда фойдаланилмаяпти. Автотранспорт хўжаликларини модернизация қилиш замонавий талаблар даражасида эмас, соҳада ахборот-коммуникация технологиялари ва интеллектуал транспорт тизимлари етарли даражада жорий этилмаяпти, автотранспорт хизматлари экспорти-импорти ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда. 

Қарорга мувофиқ, 2018-2021 йилларда 437 та янги йўловчи йўналишларини ташкил этиш ҳамда 84 та автовокзал ва автостанцияни қуриш ва реконструкция қилишнинг, иқтисодиёт соҳалари ва аҳолининг республика чекка минтақаларида ташишларга бўлган эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда янгиланган мақсадли кўрсаткичлари, шунингдек, юкларни халқаро автомобилда ташишларни амалга оширувчи миллий ташувчиларнинг оғир юк ташувчи 3824 та автотранспорт воситалари паркини янгилашнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланади. Автомобиль ташувлари билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш учун шаҳарлар ва туманларда автомобиль ташувларини мувофиқлаштириш шуъбалари ташкил этилади.  

Автомобиль транспортини бошқариш тизимига интеллектуал транспорт тизими инновация лойиҳаларининг зарур элементларини жорий этишни назарда тутувчи, умумий қиймати тахминан 90 миллиард сўмни ташкил этувчи ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилади.

Соҳани янада ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларни молиялаштириш мақсадлари учун Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Автомобиль транспортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда. 

Автомобиль транспорти соҳасини ёш мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таркибидаги 3 та (Нукус автомобиль йўл хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи, Андижон транспорт ва хизматлар кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ҳамда Самарқанд автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи) “Ўзавтотранс” агентлиги таркибига ўтказилмоқда. 

«Ўзавтотранс» агентлиги қошида автомобилда йўловчилар ёки юклар ташиш, транспорт-логистика фаолиятини амалга оширувчи мустақил ихтисослашган, юридик шахс ҳуқуқлари билан унитар корхоналар ташкил этилади. 

Автотранспорт воситаларининг оғирлик ва габарит кўрсаткичлари назоратини жорий этиш бўйича стационар ва кўчма масканларни амалда жорий этиш чора-тадбирлари режалаштирилмоқда. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *