Душанбеда кенгайтирилган таркибдаги Ўзбекистон–Тожикистон музокаралари ўтказилди
09 март 2018, 13:56 1018 кўрилди

alt

Хабар қилинганидек, 9 март куни Душанбе шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти «Қасри Миллат» қароргоҳида расмий кутиб олинди. Маросим якунлангач, Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон яккама-якка музокара ўтказди. 

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро қатнови учун қулайликларни ошириш масалалари муҳокама этилди. 

Шундан сўнг Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. Унда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари раҳбарлари, чегараолди вилоятлари ҳокимлари иштирок этди.

Музокарада савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йили 240 миллион долларни ташкил этгани қайд қилинди. 

Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашни кўпайтириш ва унинг ҳажмини яқин йилларда 500 миллион долларга етказиш учун ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Икки мамлакат бозорида харидоргир маҳсулотларни етказиб беришни кўпайтириш, савдо-логистика тармоғини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мамлакатларимиз ҳудудлари ва етакчи корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтиришдан манфаатдор. Музокараларда қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, замонавий қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик, электротехника ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар таклиф этилди.

Транспорт ва транзит ташувлари соҳаси ҳам ҳамкорликнинг стратегик йўналишидир. Ўзбекистон Президенти бу борадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда темир йўл орқали юк ташиш ҳажмини ошириш учун биргаликда зарур шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди.

Минтақа сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш, шунингдек, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳоқама этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Президент Имомали Раҳмонни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга давлат ташриф билан келишни таклиф этди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама