Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонун имзоланди

апр 06 / 2018

alt

Президент Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат 15 мартда парламент Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 29 мартда Сенат тасдиғидан ўтганди. 

Қонун 9 боб, 48 моддадан иборат. Унда белгиланишича, Хизматнинг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини ва давлат манфаатлари ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш, мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам беришдан иборат.

Давлат хавфсизлик хизмати ушбу соҳада ваколатли давлат органи сифатида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш, Ўзбекистоннинг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш юзасидан фаолият олиб боради.

Шунингдек, Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва мудофаа-саноат мажмуасини давлат хавфсизлигига бўладиган хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этади.

ДХХ фаолияти асосий йўналишлари рўйхатида терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш, давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, этник ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш,
иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон халқининг маданий-тарихий ҳамда бой маънавий меросини ҳимоя қилиш ҳам ўрин олган.

ДХХ давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатларига ҳамда хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш билан ҳам шуғулланади.

Шунингдек, телекоммуникациялар ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларга шарт-шароит яратувчи омилларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш ҳам ДХХ фаолиятининг асосий йўналишларидан ўрин олган.

ДХХ тергови ваколатига киритилган жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни ўтказиш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирларининг сақланишини, махсус алоқанинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ахборотнинг криптографик ҳимоясини ташкил этиш устидан назорат қилиш билан ҳам шуғулланади.

Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, фуқароларнинг ёрдамига таяниш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси устуворлиги, ягоналик, мустақиллик, конспирациядан иборат.

Давлат хавфсизлик хизмати бевосита Ўзбекистон президентига бўйсунади ва унга ҳисобдор.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *