Божхона органлари ҳам ўз байроғи ва фарқлаш белгисига эга бўлди

авг 09 / 2018

alt

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги 630-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг байроғи ва фарқлаш белгиси тасдиқланди. Шунингдек, уларни тайёрлаш, ишлатиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги Низом ҳам кучга кирди. Бу ҳақда давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати UZ24'га хабар қилди.

Божхона хизмати органларининг байроғи тараққиёт ва барқарорликни ифода этувчи тўқ кўк рангли тўғри бурчакли мато кўринишига эга

Байроқнинг узунлиги – 250 см., эни – 125 см. Байроқ марказида давлат божхона органларининг фарқлаш белгиси тасвирланган.

Байроқ бошқа ўлчамларда бўлиши мумкин, аммо ҳамма ҳолларда байроқнинг эни унинг узунлигига нисбати 1:2 ташкил этиши шарт.

Давлат божхона хизмати органларининг фарқлаш белгиси мустаҳкамлик, барқарорлик, собитлик ва доимийликни ифода этувчи кумуш рангли саккиз қиррали шаклига эга бўлиб, унинг ички қисмида саккизбурчакдан оқ рангли халқа билан ажратилган яшил рангдаги доирасимон чизиқ билан ўралган кумуш рангли глобус тасвирланган.

Доирасимон чизиқнинг юқори қисмида оқ рангли бош харфлар билан лотин алифбосида «O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI», пастки қисмида «DAVLAT BOJXONA XIZMATI» деб ёзилган. Ёзувлар саккиз қиррали иккита юлдуз билан ажратилган.

Глобус ва Ўзбекистон харитаси марказида тасвирланган Меркурий таёғи Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларини химоя қилиш ва иқтисодий ҳавфсизлигини таъминлаш ҳамда дунёнинг барча давлатлари билан савдо мунособатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашни англатади.

alt

Таъкидлаш жоизки, божхона органларининг байроғи ва фарқлаш белгиси божхона органларининг расмий рамзларидир.

Божхона органлари байроғи ва фарқлаш белгисининг тасвири ўқув-тарбиявий жараёнда ишлатилиши, божхона органлари тизимида мукофотлар элементи сифатида фойдаланилиши, божхона органларига тегишли эканлигини белгилаб берилиши мақсадида буюмларда жойлаштирилиши мумкин.

Ўзбекистонда божхона органларининг байроғи ва фарқлаш белгисининг тасвиридан пештахта, бланка, ҳисоб рақамлари, ва бошқа ҳужжатларда, эълонлар ва рекламаларда, товарлар ва уларнинг ўрамида, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тижорат фаолиятини амалга оширишда божхона органларининг номларига ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланиш таъқиқланади.

Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг белгиси ва атрибутида божхона органларининг байроғи ва фарқлаш белгисиган ўхшаш элементларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, божхона органлари ходимлари божхона органлари байроғи ва фарқлаш белгисини ҳурмат қилишлари шартлиги ҳам ушбу ҳужжатда белгилаб қўйилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *