Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Бухоро яҳудийларининг Бутунжаҳон конгресси президенти билан учрашди
13 феврал 2018, 13:40 644 кўрилди

alt

13 февраль куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Бухоро яҳудийларининг Бутунжаҳон конгресси президенти, таниқли тадбиркор ва жамоат арбоби Лев Леваев бошчилигидаги делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар беради.

Делегация таркибидан АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари конгресси раиси Борис Кандов, Россия Бухоро яҳудийлари конгресси раиси Яков Левиев ва бошқалар ўрин олган.

Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва Бухоро яҳудийларининг Бутунжаҳон конгресси ўртасидаги муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Турли даражалардаги ўзаро алмашинувларга доир масалаларни муҳокама қилиш чоғида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 февралда кучга кирган Фармонига мувофиқ, Исроил фуқаролари учун 30 кунгача визасиз кириш тўғрисидаги низомини конгресс делегацияси мамнуният билан қайд этди. Исроилда 100 мингдан ортиқ асли ўзбекистонлик яҳудийлар истиқомат қилади.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама