Зоминдаги тарихий объект нега бузиляпти?

фев 22 / 2018

alt

Зомин шаҳри жуда қадим тарихга ва бой маданиятга эга жой ҳисобланади. Манбалардан ушбу шаҳар уч минг йиллик тарихга эга эканлиги маълум. "Буюк ипак йўли”нинг устида жойлашган, шарқ ва ғарбни боғлаб турган, йирик карвонсаройлари, бозорлари ва кўркам кўчалари бўлган ушбу шаҳар ҳозирда бутун қадимшунос олимлар ва сайёҳлик ташкилотларининг диққат марказида.

Бу ҳудудда жуда кўплаб маданий, тарихий ва археологик қимматга эга бўлган объектлар мавжуд. Шулардан бири Зомин шаҳарчаси марказида жойлашган, 2 жаҳон уруши қатнашчилари вақ аскарлар шарафига бунёд этилган ҳозирги Хотира майдони, яна ҳам аниқроғи Мемориал мажмуасидир.

Аслида бу жойда Мемориал қурилмасдан аввал бир томони кўҳна қабристонга туташ жойда каттагина 1.5 гектар ҳудудни ўз ичига олган "Қўрғонтепа” 120x130 метр, баландлиги 8-10 метрга тенг икки қават девор билан ўралган тарихий қалъа жойлашган эди. Ушбу мемориал Собиқ Совет Иттифоқи даврида манзилгоҳда жойлашган тарихий объект - "Қўрғонтепа” номи билан машҳур бўлган қалъа ўрнига қурилган. XVIII асрда суратга олиниб, каталог қилинган расмлар бу қўрғоннинг чиндан қадимийлигини исботловчи далилдир. Мазкур Қўрғон тупроқ билан ёпилган ҳолда "консервация” қилиниб, мажмуанинг тимсоли ўрнатиб қўйилган. (Бунга 1866 йилда суратга олинган тарихий расмлар нусхаси далилдир.)

alt

Шаҳар марказидаги "Қўрғонтепа” ёдгорлиги тарихий археологик объектлардан бири ҳисобланади. Археолог-олимларнинг тадқиқотлари натижасига кўра, "Қўрғонтепа” номи билан машҳур бу ёдгорлик эрамиздан аввалги-II аср, эрамизнинг VI-VII ва XII асрларда кўҳна Зомин шаҳри (яъни Ўрдаси) қолдиғи ҳисобланади. Ушбу мажмуа атрофидаги маҳалла ҳам бежизга "Қўрғон” номи билан аталмаган, ушбу ном ҳам аслида айнан "Қўрғонтепа” калъаси номидан келиб чиққан. Қадимги Зомин қалъаси, "Қўрғонтепа” ёдгорлиги туманнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантиришда ўзига хос аҳамият касб этувчи объект сифатида фойдаланилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Зомин шаҳарчаси ҳозирги кунда замонавий шаҳарлардан бирига айланиб бораяпти. Бу борада тадбиркорлик ва экотуризм соҳасидаги амалга оширилаётган ишларга ҳеч кимнинг қаршилиги йўқ, аксинча Зомин халқи бундан жуда хурсанд. Кўҳна тарихий обидалар ва қадамжоларни, шу билан бирга тарихни ўзбошимчалик билан буткул йўқотиб юбориш "Ўз тарихини ўз қўли билан йўқ қилиш”, мажозий маънода "Ўз оёғига болта уриш”, қолаверса мамлакатдаги туризм имкониятларини чеклашга қўйилган тўсиқ эмасми...?

alt

Бу тарихий маданий мерос объектида қазишма ишлари асосида ҳудди "Афросиёб” сингари кичик шаҳарча мақомида дунё олимлари ва туристлар эътиборига тақдим этилиши лозим. Аммо айни вақтда бу ерда янги "лойиҳа” асосида унга путур етказилиб, тепалик тарихи бутунлай йўқ бўлиш арафасида турибди. Янги "лойиҳа”да бу тепалик 3-4 метр пасайтирилиб, қалъа қисми буткул бузиб ташланиб, ўрнида янги "Хотира ҳиёбони” қурилиши режалаштирилмоқда. Бу билан тарихий "Кўрғонтепа" археологик объект бутунлай бузилиб, йўқ бўлиб кетади-ку, ахир?

Зотан, ҳозирги "Мемориал” мажмуаси остидаги ўша тарихий қадимги Зомин "Қўрғонтепа” қалъаси тадқиқ этилса, у ерда археологик ишлар олиб борилса, сирлари тўлиқ очилмаган кўҳна Зомин тарихига оид жумбоқлар ечилар эди. Бу билан маҳаллий аҳоли ва сайёҳларни янада кўпроқ жалб этишга эришиш мумкин. Бутун бошли "Қўрғонтепа" қалъаси оёқ ости бўлиб, йўқ қилиб юборилишини на тарих кечиради ва на келажак!

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси "Ўзбекистон шаҳарсозлик лойиҳалаш ва илмий тадқиқот институти” давлат унитар корхонасининг 2017 йил 23 октябрдаги 1-10/3905-сонли хатига жавоб тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлигининг 2017 йил 26 октябрда "Қўрғонтепа” қалъасида яъни Археологик объект ҳудудида қурилиш, қазиш ва унга зарар етказадиган бошқа ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслигини маълум қилсада "Қўрғонтепа” қалъасининг устки қисмини 3-4 метр пастлатиш ва "Қўрғонтепа” қалъаси устки қисмига янги хотира мажмуаси ўрнатиш таклиф лойиҳалари тайёрланиб Зомин тумани ҳокимлигига топширилган, бу ҳолатга нима деб баҳо бериш мумкин?

alt

Мазкур мажмуани сақлаб қолиш мақсадида бир неча бор маҳаллий ҳокимият вакилларига ёзма ва оғзаки тарзда мурожаат қилдик. Аммо ушбу мурожаатларга мутасадди раҳбарларнинг барчаси "панжа ортидан”, эътиборсизлик билан қараб келмоқда. Энг ёмони мутасаддиларнинг ёки айрим ташкилот ва муассаса раҳбарлари ўз юртининг тарихи ва ўтмишидан сўзловчи бирон бир тарихий объект ҳақида тушунчалари йўқ. Бундан кишининг кўнгли хижил бўлади. Наҳот бу "буза-буз”лар тепасида турган раҳбарлар ота-боболаримиздан қолган эски Зомин қалъаси, тарихий объект "Қўрғонтепа” ҳақида билмаса?

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Самарқанд археологик тадқиқотлар институти ҳам ушбу тарихий "Қўрғонтепа” объектида илмий тадқиқодлар асосида қазишма ишлари олиб бориб, очиқ осмон остидаги музей қилиш таклифи ва объектни асраб қолиш ҳақидаги ўз фикр ва мулоҳазаларини берди. "Қўрғонтепа” археологик манзили сақлаб қолиниб, бу ерда очиқ осмон остидаги музей ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўларди. Қанчадан-қанча ёш иқтидорли олимларимиз бор. Уларни ҳам жалб этган ҳолда объект тарихини чуқурроқ ўргансак, бу гўшани барча маҳаллий ва чет эл сайёҳлари эътиборини тортадиган масканга айлантирсак мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан туризмни ривожлантириш, тарихий ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш тўғрисида кўплаб Қарор ва Фармонлар қабул қилинган. Ана шундай бир вақтда Зоминдай шаҳри азимда қолган якка-ю ягона тарихий манбани йўқ қилиш кимга керак? Агар Зомин тумани туристик масканга айлантирилса келган хорижий меҳмонларга нимани кўрсатамиз? Тарихимиз ҳақида нимани кўз-кўз қиламиз-у, нимамиз билан мақтаниб, ғурурланамиз?

Нимамиз қолди? Келаётган меҳмонлар янги цивилизацияни эмас, айнан тарихни кўриш учун келаётганини наҳотки, ҳеч ким билмаса? Сизлардан ушбу масалага чуқурроқ ёндошиб, амалий ёрдам беришингизни сўраб қоламан!

Синдор Қорабоев

Манба: sangzor.uz

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *