Қўшмачига айланган эр: "Рози бўлмасанг, ўзингдан кўр"

июл 27 / 2018

alt

Аёлларга нисбатан раҳм-шавқат йўқолмоқда...(ми)?

Яқинда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган, бутун жамият, давлат эътиборида бўлиб турган аёл шаъни, унинг қадр-қиммати ҳақида сўз юритишга жазм этдик.

Бир ўзбек аёли, ўзбекистонлик фуқаронинг хўрланишини тасвирга олиб тарқатишдан, куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлашдан, жамоавий тазйиқ ўтказишдан тоймайдиган ходим касбига-ку муносиб бўла олмабди,  уни шу юрт фарзанди деб, бўладими?!

Шу касб мутахассисини айби юзага чиққани учун кўряпмиз, холос. Ҳали ўзини ошкор қилмаган, лавозимини суъистеъмол қилаётган яна қанча ходимлар бордир. Биз уларни билмасмиз, эҳтимол. Умид қиламизки, бу каби фуқаролик бурчини унутган, давлатдан ойлик олиб, мамлакат ривожи, тараққиётига ичдан зарба бераётганлар ўз ўрнини, албатта, англайди.

Қўшмачига айланган эр

“Кечроқ турмушга чиқдим. Эрим ҳам ёш эмасди. Турмуш қурганимдан сўнг эримнинг бошқа аёли борлигини билдим. Фақат ота-онаси бу аёлга розилик бермагач, менга уйланган. У буни ҳар доим такрорлашдан чарчамасди. Орадан кўп ўтмай, эрим “севгилиси” уни хорижга ишга чақираётгани, мени ҳам олиб кетишини, у ерда ишлаб,  пул топиб келишимизни айтди. “Рози бўлмасанг, ўзингдан кўр”, деб таҳдид қилгач, қайнопамга маслаҳат солдим. У агар эрим билан бирга кетсам, доим ёнида бўлсам, ўртадаги аёл бизни тинч қўйиши мумкинлигини айтгач, қалбимда умид уйғонди. Эрим билан бирга кетдим. Аммо...”

Эндигина 32 ёшни қаршилаётган қашқадарёлик Н.А.нинг яқинлари, эри, умуман инсонларга бўлган ишончи аламзадалик, қўрқув, нафрат ва ишончсизлик билан йўғрилган эди. Уни уч йил давомида ўз эри бошқалар билан тил бириктириб, фоҳишалик қилишга мажбурлаган. Қонуний ва шаръий хотинининг орқасидан пул топган. Кимники олдига борса ёрдам сўрашдан чарчамаган аёлга ҳеч ким раҳм-шафқат қилмаган. Бир куни ҳеч бир ҳужжатларсиз, “мижоз”нинг пулини ўғирлаб қочишга мажбур бўлган.

Нима деб изоҳ бериш мумкин? Қаёққа қараб кетаяпмиз одамлар?!

Тарозининг палласи оғмоқда...ми?     

Жамиятимизда аёл – онаси, опа-синглиси, турмуш ўртоғи, қизининг шаънини асраш деган бурч, ор-номус қаерда қолди? Миллий анъаналаримиз, менталитетимизга хос инсонийлик, меҳр-оқибат, раҳм-шафқат каби туйғуларнинг бу қадар шиддат билан емирилишига нима сабаб бўлмоқда?

Наҳотки инсонларни бугунги глобаллашув даври, ахборот асри, “оммавий маданият” шу қадар ўзгартираётган бўлса. Бу инсон руҳияти, кечинмалари, болалиги, тарбияси, илмсизлик билан боғлиқ масала эмасми?       

Аёл фарзандини ўлдирса, қандай сабаб, баҳона бўлишидан қатъий назар уни оқлаб бўлмайди. Бу мўътабар зот номига муносиб эмаслигини яхши биламиз.           

Сўнгги вақтларда бу каби ҳодисалар аёлнинг жамиятдаги мавқеини йўқотишига, қадр-қимматининг тушишига олиб келгани рост. Бу каби хато, мудҳиш хатти-ҳаракатлар бутун жамият аёллари учун иснод бўлиб келмоқда. Тарозининг икки палласи бир хил бўлмаса, у бир томонга оғиб кетади. Шундай экан жамиятда ҳамма ўз ўрни, вазифасини билиши керак. Шундагина мувозанат бўлади.

Ҳой эркаклар, сиз қаердасиз?      

“Қоп кўтариб юрар аёллар”... Қўшиқдаги шу сўзлар беихтиёр тилимизга келади. Бу янгилик бўлмай қолди. Эрининг ичкиликка ружу қўйгани, уйга пул олиб келмаётгани, фарзандларига қарамаётгани ёки яна бошқа сабаблар билан хотин-қизлар мардикорликка чиқмоқда.           

Пойтахтимиздаги мардикорлар турадиган жойларни айтиб ўтиришнинг кераги йўқ. Буни кўпчилик аллақачон яхши билади. Айни вақтда вилоятларимизнинг туман, қишлоқларида ҳам айни ҳолат кузатилаётгани ачинарли. Иссиқни иссиқ демайди, совуқни совуқ. Ўзининг аёл эканини ҳам унутиб, оғир ишларни бажаради. Шу топда сўрагингиз келади. Ҳой эркаклар, сиз қаердасиз? Аёлларнинг оғир меҳнатга жалб этилиши замонавийлик белгиси эмас.

           Барно МЕЛИҚУЛОВА

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *