Салтанат садоқат билан ободдир
30 март 2018, 10:33 6709 кўрилди

alt

Тўртинчи март куни Солсбери шаҳрининг гавжум кўчаларидан биридаги ўриндиқдан етмишни қоралаб қолган барваста ва бақувват бир одамни ҳушсиз топдилар. Ёнидаги жувон ҳам жон таслим қилмоқда эди.

    Англия шифокорлари-ю махсус хизматлари оёққа турди. Маълум қилинишича, беҳушлар  қаттиқ захарланган, ота-бола - Сергей Скрипаль ва унинг ўттиз икки ёшли қизи Юлия экан.

   Кўп ўтмай, Буюк Британия Қироллигида жанжал кўтарилди. Бу ҳодисада Россиянинг қўли бор, ўзининг собиқ жосусидан ўч олган, деган таъналар янгради. Айтишларича, ота-бола асаб тизимини буткул ишдан чиқариб, танани батамом фалажлаб қўядиган ўткир газдан захарлаган. Совуқ уруш давридан сўнг халқаро миқёсда ялпи тақиқланган бундай кимёвий қурол собиқ советлар мамлакатида ишлаб чиқарилган.

    Шу кунгача “260 минг фунт стерлингга (1 фунт стерлинг – 11281,3 сўм, таҳр)  харид қилган қизил ғиштли ҳашамдор уйида  жимгина ва хотиржамгина умргузаронлик қилиб келаётган”  Сергей Скрипалнинг номи яна тилга тушди. Оммавий ахборот воситалари, махсус хизмат маҳкамлари вакиллари, сиёсатчилар, таҳлилчи-ю тахминчиларнинг фикрлари бошқа янгиликларни чангида қолдириб кетди. Қироллик ҳукумати  россиялик 23 дипломатни Буюк Британиядан бадарға қилди. Москва ҳам қараб турмади: инглиз дипломатларидан шунча кишига эшикни кўрсатди. Хуллас, собиқ хуфиянинг бошига тушган бу кулфат тобора совуқлашиб бораётган икки қадимий салтанат ўртасидаги зиддиятни янада кучайтирди.

     Жанжал халқаро тус олди.

     Ғарб, жумладан, инглиз матбуотининг ёзишича, С.Скрипаль захарланиб, беҳуш боши бетобхона болишига теккунича ҳам ўзи хизмат қилган икки давлат ўртасида талай низоларнинг туғилишига сабабчи бўлган. Асли ўзи ҳарбий. Зобит. Афғон уруши иштирокчиси. Бош разведка бошқармаси (ГРУ) ходими. Дипломат. Таъбир жоиз бўлса, икки кетли, икки бетли жосус. Аввал испан, сўнг инглиз хуфияларига Россиянинг муҳим давлат сирларини узоқ йиллар мунтазам сотиб турган. Нафс!  Раҳнамолари унга “Forthwith” (“Чаққон”) деган махфий ном беришган. Яна ўша инглиз нашрларининг таъкидлашича, кирдикорлари сабаб ўз мамлакатининг уч юзга яқин резветкачисига касофати теккан. Энди эса хуфия сабаб икки буюк мамлакатнинг ўртасида яна гап қочди.

      Хоинлиги учун ватани – Россияда барча унвону давлат мукофотларидан маҳрум этилган ва ўн уч йилга  қамалган. Жазонинг нисбатан енгиллигини - мурувватнинг боисини - унинг оғир диабетдан чекаётган азоби билан изоҳлашади.  

      Кўргуликлардан куйган ўғли ичишга ружу қўйган. Хотини саратонга чалинган. Улардан жудо бўлгач,   қизи Юлиядан ўзга суянчиғи қолмаган. Қисматни қарангки, энди ўша ёлғизи ҳам ёнида,  ўлим тўшагида. Шифокорлар ота-болага қўйган ташхез аниқ: мондимайди! 

     С.Скрипаль совуқ шимол ўлкасида беш йил қамоқда ўтирганидан кейин авфи олийга муносиб топилган ва хориж тутқинлигида сақланаётган россиялик ватандошига алмаштирилган. Алмашиш асносида Солсбери шаҳридан қўним топган. Инглиз заминидаги ҳамкасблари билан алоқани узмай, маҳаллий махфий хизматлар вакилларига унда-бунда маърўзалар ўқиб, тажрибасини баҳам кўриб турган.  

    Мамлакатлар, айниқса, йирик салтанатлар ўртасидаги муносабатларда бундай низолар - учраб турадиган ҳодиса. Юз берган фожеада ким айбдор? Ким - ҳақ, ким ноҳақ, кўпинча сирлигича, ноаниқлигча қолади. Аммо якуни доим бир хил: фурсат ўтиб, зиддият барҳам топади ва кечаги ағёрлар яна дўсту ҳамкорга айланади. Солномачиларнинг қайд этишларича, сўнгги эллик йил давомида Шекспир ва Пушкиннинг авлодлари ўртасида камида беш марта ана шундай можаро келиб чиққан ва ҳар гал келишмовчиликлар унчалик узоққа чўзилмаган: муроса йўли топилган.

       Бу сафар ҳам шундай бўлишига шубҳа йўқ: дунёни сўраб ва суяб турган икки мамлакат дарғалари тил топишади. Биз учун муҳими бу каби ўта чигал ва сирли зиддиятлар замиридан адолату адоват  уруғини излаш эмас. Муҳими – одам. Ҳамон ажал билан олишиб, ҳушу беҳуш ётган жосуснинг аянчли тақдиридан чиқарадиган хулосамиз.

     Хулосаки, ўз Ватани, халқи, Йўлбошчисига хиёнат қилган, зобитлик онтини бузган каснинг шарафсиз ва аччиқ қисмати. Албатта, айби ҳар қанча катта бўлмасин, бандасининг жонига судсиз-сўроқсиз суиқасд қилиш – жиноят. Гуноҳи азим! Бу - бани башар тан олган азалий ҳақиқат. Айни пайтда, дунё каби кўҳна яна бир ҳақиқат ҳам борки, хоинни, айниқса, ватан хоинини, ҳеч ким – на ўз қавми, на уни йўлдан уриб, сотиб олганлар - севмайди. Севиш нима, унга ҳеч қачон ишонмайди: ўз она ватанини, она халқини сотган кас ўзгага дўстлик қилармиди! Икки томондаги “хўжайинлари” ҳам ундан тезроқ қутулмоқ пайида бўлади.

     Ҳар қандай мамлакат, салтанат садоқат билан обод. Инсон лафзи билан файзлидир!        

    Жонқобил Жума

 

Шархлар
Реклама