Гап товонга кирган тиконда эмас, оёқда
07 апрел 2018, 13:12 3350 кўрилди

alt

Бу кун тонгдан қора кечгача тикилганимиз – телевизор, интернет нашрлар, ижтимоий тармоқлардаги ранг-баранг саҳифалар, шарҳлар, баҳслар, даъватлар. Финландиялик эркакнинг ўғил туққанидан наманганлик мардумнинг ҳожатхонага тушиб ҳалок бўлганигача, қозоғистонлик аёлнинг лифтда қисилиб ўлгани-ю, қизларнинг ҳиёбонларда кимларга бўса берганигача дарҳол хабар топамиз. Олдин мириқиб томоша қиламиз, ўқиймиз, кейин муҳокамага бериламиз: “Бўлмаган гап! Эркак ҳам туғадими?” “Худо берса, туғаверади-да”... “Ёшлар ўпишса нима бўпти? Бу қайси қонунга зид? Телевизорда кўрсатиб шармада қилиш шартми? Ахир йигирма биринчи асрда яшаяпмиз”. “Тележурналистларга раҳмат. Боплашибди”. “Бундай ошкора савобдан, пинхона гуноҳ яхши”.   “Ўша қизларнинг ўрнида ўз қизингиз ёки синглингиз бўлса нима қилардингиз?”. “Тортишишни қўйсаларинг-чи, буларнинг барчаси атайлаб уюштирилган. Пиар. Ўзларини реклама қилиб, соққа ишлашяпти...”

Биринчи апрель куни “MY5” телеканали орқали эфирга узатилган “Яширин камера” кўрсатуви томошабинларнинг ана шундай бахс-мунозараларига сабаб бўлди. Унда кўрсатув ижодкорлари пойтахтимиздаги хиёбонларда бир-бирининг пинжига кириб, бўсаларга тўймай ўтирган йигит-қизларни “нишонга олган”. Мухбир йигитча уларни тартибга чақирганини ҳам миллионлаб одам  ҳайратланиб томоша қилди. Эшитди.   Оммавий ахборот воситаси ходимининг хилват ҳиёбонда эмин-эркин ўтирган фуқароларни бу қабилда тартибга чақиришга, сўнг хуфиёона туширилган тасвирни телевидение орқали  эълон қилишга нечоғли ҳақ-ҳуқуқи бор? Унинг муомаласи, саҳти-савияси, кийиниши, тарбияси журналист деган муътабар касб эгаси, этикаси ва ахлоқ-одоб нормаларига  тўғри келадими? Воқеада ким ҳақ, ким ноҳақ? Кимнинг айби кўпроғу кимники камроқ?..

Менинг қозилик қилиб, ажрим чиқариш ниятим  йўқ. Бу ваколатли вакиллар ва идораларнинг иши.  

Дарвоқе, айрим нашрларнинг хабар беришича, Адлия вазирлиги бу борада махсус маълумотнома тақдим этган. Унда “MY5” телеканалининг мазкур кўрсатувида халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчилигимизнинг қайси нормалари бузилгани қайд қилинган.

Мен қаламкаш сифатида эски бир ҳақиқатни таъкидлагим келади: кўза кунда эмас, кунида синади. Айрим оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар ва мухлисларнинг билиб-билмай одамларнинг шахсий ҳаётига  аралашиб қолаётгани ҳамда  бунда қонун йўли билан таъқиқланган усуллардан ҳам фойдаланаётганидан  кўз юмиб бўлмайди. Бу Конститутциямиз билан кафолотланган инсон эркинлиги ва шахсий дахлсизлигига жиддий тахдиддир. Зеро, бу кун видео камера-ю, унолгичдан ҳоли даргоҳнинг ўзи йўқ. Уйда ҳам, кўча-кўйда ҳам, ошхона-ю ишхонада ҳам “шиша кўзли қўнғизчалар” бизни сергак кузатиб туради. Телефону компьютерлар, соату ручкаларимиз ҳам уларга ёрдамчи эмиш деган иштибоҳларда жон бор.   Бу фақат бизнинг эмас, илғор технологияларга таяниб яшаётган бутун башарият чекига тушган қувончу ташвишдир. Қувончимиз – хавфсизлигимиз таъминланмоқда. Ташвишимиз - видео тасвирлар нодўстнинг қўлига тушиб қолса-ю, унинг нияти бузуқ бўлса, ҳолимиз не кечади?   

  

“MY5” телеканалида хилват ҳиёбонлардан берилган бир тасвир сабаб жамоатчилик эътибори тобора долзарблик касб этаётган мазкур масалага қаратилганида ҳам ҳикмат бор. Ўша ҳикматнинг номи – хушёрлик, огоҳлик, меҳр-оқибат.    

Улуғларимиз айтадиларки, гуноҳ ишлар тиконга ўхшайди. Ким ундан сақланмаса, озор чекади.

Гап товонга кирган тиконда эмас, оёқда. Ҳа, барча замонларда қадамини билиб босган хор бўлмаган.  

Усмон Нарзиев

Шархлар
Реклама