Аслида эса... Сall-марказ оператори

июл 11 / 2018

alt

24 ёшдаман, уяли алоқа сall-марказида икки ярим йил давомида ишладим ва бу касб билан боғлиқ қизиқ ҳодисалар ҳақида гапириб бермоқчиман.

Давлат хизматчиси бўлиш учун ўқидим, дадам мендан ўзига ўхшаган инсон тайёрламоқчи бўлди, чунки оиламиздагиларнинг барчаси давлат ишида ишлайди...

Қанчадир муддат давлат ташкилотида ишлаб, шу хулосага келдимки, бу мени касбим эмас ва ўзимга мос иш топишга қарор қилдим. Ўзимни сall-марказ оператори сифатида синаб кўрмоқчи бўлдим ва бу ҳақда ҳозир сизларга гапириб бераман.

Мен суҳбатдан ўтдим, дарров ишга олишди. Қанчадир муддат мени ўқитишди, ахир оператор компания ҳақида ҳамма нарсани билиши керак, ҳатто энг арзимас нарсаларни ҳам. Мижоз ҳар қандай, баъзида кутилмаган саволларни ҳам бериб қолиши мумкин, биз эса уларга жавоб беришга мажбурмиз, уялиб қолмаслик учун ҳам ҳамма нарсани ипидан игнасигача билиб олиш ўта муҳим.

Сall-марказнинг шарофати билан турли ёшдаги, турли кайфиятдаги одамлар билан савобли суҳбат қуришни, ёқимсиз шахслар билан мулоқот қилишни ўргандим.

Операторларни иш жойи бир бинода эди ва ҳаммамиз биргаликда абонентларга хизмат кўрсатардик, тушлик вақтида эса ишдаги турли вазиятлар тўғрисида бир-биримизга гапириб бериб, роса кулишардик.

Абонент — бу қайсидир хизматдан доимий фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган инсон. Биз, операторлар, учен эса абонент сўзи ибтидоий, жаҳлдор, доим ўз ҳаётидан норози бўлган инсондир, операторга мурожаат қила туриб, у ўзининг ҳақлигини исботлашга, операторни нимагадир ўргатишга ва шахсий муносабатларни аниқлаштиришга ҳаракат қилади.

Кўпчилик сall-марказ оператори ишини қизиқарсиз, арзимас деб ўйлайди ва унга паст баҳо беради, аммо аслида бундай эмас...

Сall-марказ оператори кундузги сменада тахминан 700 та қўнғироқни қабул қилади, баъзида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Албатта, барчамиз турличамиз, ҳар кимнинг ҳаётга ўз қараши мавжуд, ҳар ким ўз характерига эга ва ҳакозо. Аммо оператор шундай қилиши керакки, мижоз суҳбатдан сўнг мамнун ҳолга келиши лозим.

Мен ходимман, ҳикоям оддий...

Биринчи уринишдаёқ имтиҳондан ўтдим ва 440 рақамли операторга айландим. Албатта биринчи иш куним роса қийналдим, адашдим (ҳатто ундан аввал бир ҳафталик ўқувдан ўтган бўлсам ҳам). Бир аёл сертификат ҳақида билишни истади, аниқроғи муайян хужжатнинг пастдаги чап бурчакдаги сўз тўғрисида сўради... Мен буни қаердан ҳам билишим мумкин ва айнан мендан буни сўрашлари ақлимга ҳам келмаганди. Ахир мен бир ҳафтада барчасини ёдлаб олишим мумкин эмасдику. Мен шу ондаёқ аёлни бошқа операторга ўтказиб юбордим ва ҳамкасбимдан у билан суҳбатлашишини илтимос қилдим. Биласизми, нима бўлди? Аёл 15 дақиқача бу сертификат бўйича ҳамкасбимни миясини қотирди, оператор уни диққат билан тинглади ва у бошқа жойга тушганини айтди. Ҳақиқатан ҳам аёл адашган бўлиб чиқди, у бошқа бўлимга мурожаат қилиши керак эди. Нимага мен дарров буни англамадим? Бу ҳақда ўйлагандим аммо, афсуски, буни айтмадим. Албатта, мени ишдан бўшатишмади, шунчаки бу ёғига эътиборлироқ бўлишимни ва ўзимни йўқотиб қўймаслигимни айтишди.

Тез орада ишимга ўрганиб кетдим. Менга одамлар билан мулоқот қилиш ва уларнинг муаммоларини ечиш ёқарди. Мен ҳамма нарсани ипидан игнасигача ўрганиб олдим. Мижозларга тез ва маҳорат билан хизмат кўрсата бошладим. Мени асабийлаштирган ягона нарса — бирданига кўп ишни бажаришимни айтишарди. Бир ишни қилишимни айтишганида, қўнғироқ бўларди, яна бир нарсани ёзиб олишимни сўрашарди, шу онда раҳбариятдан кимдир чақириб қоларди, аааа, даҳшат! Баъзида саккизта қўлим бордек туюларди. Бир вақтнинг ўзида шунча ишни фақат доҳийлар бажара олишади. Аммо баъзида шундай вазиятлар ҳам бўлардики, бир дақиқага қотиб қолардим ва ўйлардим: нима қилиш керак, нимадан бошлаш керак, қандай жавоб бериш лозим. Яхшики, бунақа ҳодисалар жуда кам бўлган.

Бир куни ҳаммамизга бир хил форма кийдиришди. Шундай вақт бўлганки, барчамизни компаниямиз логотипи туширилган футболкаларни кийиб юришга мажбур қилишган. Ҳа, ҳаммасини тушунаман, тартиб ва ҳоказо, лекин биз сall марказ операторларимизку! Бизни мижозлар кўришмайди! Биз икки ойча чидадик, кейин бу кийимни киймай қўйдик.

Абонентлар билан боғлиқ ходисалар

Бир куни кечқурун менга қўнғироқ бўлди, жавоб берсам, нариги томонда бир эркак йиғларди. У ўз ташвишини шундай тушунтирди: унинг аёли туғаётган экан, у эса қариндошларига қўнғироқ қилиб туша олмаётган ва уларни чақира олмаётган экан. Чунки аёли билан тоғда дам олишда экан, фақат бизгагина қўнғироқ қилиб туша олибди. Ўз рақамини айтиб, балансини беш минг сўмга тўлдириб қўйишини илтимос қилди. У шунчалик ачинарли йиғлардики, мен чидай олмадим ва унга беш минг сўм ташлаб юбордим, ҳаётда ҳамма нарса бўлади, оилага ёрдам бердим. 15 дақиқадан сўнг у яна қўнғироқ қилди , аммо бу сафар унга бошқа оператор жавоб берди, у эса 440 рақамли операторга миннатдорчилик билдирмоқчи эканини айтибди. Нима учун деган саволга жавоб бермади. “Унинг “РАХМАТ”ини менга дарров етказишди. Аммо энг қизиғи бир неча кундан кейин бошланди. Ҳамкасбларим билан суҳбат чоғида улар бир абонент борлигини, у доим қўнғироқ қилиб, йиғлаши ва балансини тўлдириб юборишларини илтимос қилишини айтишди. Бу ҳодиса менга таниш эди. Қанчалик мендан фойдаланишганини англадим... Бу каби қўнғироқлар кўп бўларди, ўша ҳолатдан кейин мен уларга жавоб бермай қўйдим. Аслида регламент бўйича бу ишни қилиш таъқиқланарди, иккинчидан эса одамийлик тушунчасини унутиш керак эди.

Кўпинча одамлар эртанги об-ҳаво ҳақида сўраш учун қўнғироқ қилишарди. Баъзида чоршанба куни қайсидир телеканалда нимани кўрсатишларини сўрашарди. Мушуги дарахтга чиқиб, туша олмаётгани... Болалар ҳам қўнғироқ қилиб, устимиздан кулишмоқчи бўлишарди. Телефон бу каби маънисиз ва кераксиз қўнғироқлардан портлаб кетай дерди.

Мен улардан шунчалик чарчардимки!

Шундай қилиб, ажойиб кунларнинг бирида 35-40 ёшлардаги эркак қўнғироқ қилди. Нима ёрдам кераклигини сўрасам, жавоб бермади ва бир текис товушда гапирди: “Ҳурматли 440, мен ҳақимда маълумотларни экранингизда кўриб турибсиз, қисқаси, менга хотин керак, сизнинг сall-марказингизда чиройли қизлар ишлайди деб эшитганман. Ҳаммангиз чиройли овоз соҳибларисиз. Агар орангизда кимдир менинг таклифимга кўнса, менга қўнғироқ қилсин”. Уни диққат билан эшитиб, жавоб беришга тайёрланиб турганимда, у гўшакни қўйиб қўйди. Ўта кулгили ҳолат, ахир бизнинг компаниямиз келинлар тайёрлаш маркази эмаску. Ва унинг маълумотларини қизларга тарқатиб ўтирмадим.

Кейинги сменада — кечаси қўнғироқ бўлди. Рақамни кўриб, ўзимни йўқотиб қўйдим, чунки 47 – 47 абонентини шахсан танирдим. Қўнғироқни қабул қилдим, у ўта одоб доирасида гапирди, тарих режалари ҳақида суриштира бошлади. Мен эса мижозга барчасини тушунтирдим, ишимни моҳирона бажардим ва тезроқ суҳбат тугашини истардим. Шунда у кутилмаганда деди: “Овозинг ҳали ҳам ўша-ўша, ўзгармапти...” Суҳбатдан сўнг 20 дақиқа қимирламай, хаёл суриб, ўтирдим. Шундай вазиятлар ҳам бўлганки, ҳамкасбларим абонентлар билан иш юзасидан гаплашиб, ўз муҳаббатларини топишган ва муваффақиятли турмушга чиқишган. Ҳаммаси тармоқ, тариф режаси ва бошқаларни текшириб беришни сўрашдан бошланган.

Аммо шундайлари ҳам бўлган...

Бир куни ғазабланган эркак қўнғироқ қилди, унинг рақами тариф режаси бўйича янги ой учун абонент тўлови тўланманганлиги сабабли тизимдан ўчирилганлигидан норози эди. У менга бақира кетди, бир неча йилдан буён вақтида пул тўлаётганини айтди, бир мартагина кеч қолганида озгина кутиб туришнинг имкони йукмиди, деб асабийлашди. Мени тушунтиришларимни англамасдан, сўкинишга ўтди, гапларимни эшитишни умуман истамасди. Икки соат давомида уни тинчлантиришга ва вазиятни тушунтиришга уриндим, сўнг мўжиза рўй берди, киши тинчланди ва бу ҳолатда фақат ўзи айбдорлигини англади. Қанчадир муддатдан сўнг уяли алоқа компания бош офисига хат келди. Унинг муаллифи ўша киши экан, мактубда у 440 рақамли операторга миннатдорлик билдирганди, менинг ўз ишимни маҳорат билан бажаришим мақталганди, абонент билан билимли ва ҳурмат юзасидан гаплашганим, вазиятни тўғри йўлга солганим, кишини тинчлантира олганим ва унинг муаммосини ҳал қилганим ёзилганди. Сўнгида шундай ходимлар кўпроқ бўлишини исташини айтганди. Шу муносабат билан менга мукофот беришди ва йиғилишда ҳамманинг иштирокида миннатдорлик хатини тақдим этишди.

Ёмонроқ вазиятлар ҳам бўлган...

Тунги сменаларнинг бирида қўнғироқ бўлди: ёш йигит ўзини ўлдириш билан қўрқитди. Бу мени ташвишга солди ва руҳшунос ролига кириб, уни тинчлантиришга уриндим. Аммо йигит ҳечам мени гапларимга кўнмасди ва бақирарди: “Мен ўзимни ўлдираман!”. Шунда йигит мени устимдан кулиш учун шу ишни қилаётганини ўйлаб қолдим ва унга мониторда барча маълумотларини кўриб турганим ҳамда милицияни чақиришимни айтдим. Йигитни бу ҳам тўхтата олмади ва у ўзини милиция келишидан аввал ўлдиришини билдирди. Шундан сўнг мен дастурни СТОПга қўйдим ва унга аноним рақамдан қўнғироқ қилдим, муаммонинг аслида нимадалигини билмоқчи эдим. Маълум бўлишича, йигит севган қизи билан ажрашган ва уни ҳеч ким яхши кўрмаслигига амин бўлган, ўзини ҳеч кимга керак эмас деб ҳисоблаб, бу оламда яшашга ўзини лойиқ кўрмаган. Уни тинчлантириш қўлимдан келди, йигитнинг маст эканини тушуниб, у мени қўрқитиб юборган бўлса ҳам, вазиятни тўғри йўлга сола олдим.

Биласизми, ҳатто доимий мижозларим ҳам бор эди. Ҳа, ғалати эшитилади, аммо баъзилар менга зерикканидан, баъзилар эса овозимни ёқтириб қолганидан қўнғироқ қилишарди. Мени учрашувга ҳам таклиф қилишган. Мижозлар қолиб, рўпарамда ўтирган ҳамкасбим ҳам менга қўнғироқ қиларди, айтишича, қандай ишлашим унга ёқармиш. Ёқимсиз мижозлар билан ишлаб, уларни бошқа операторларга улашни ўрганиб олдим. Аммо буни фақат сабр косам тўлай деб тургандагина қилардим. Операторлар хафа бўлишмасди. Биз сall-марказда бир-биримизни қўллаб-қувватлардик. Умуман, оператор бўлиб ишлаб, кўп нарсаларни эшитдим.

Ишдан бўшаш воқеаси

Сall – марказда асосан 30-35 ёшдаги йигит ва қизлар ишлайди. Бир куни бир ходимамиз абонент билан баланд овозда урушаётганини эшитиб, барчамиз ўрнимиздан туриб кетдик. У бақирарди, сўкинарди ва мижозни хунук сўзлар билан ҳақоратларди. Сўнг гўшакни қўйди. Кўз ёшлари оқиб келаверганидан нима бўлганини тушунтириб ҳам бера олмади. У қалтирарди. Биз уни тинчлантиришга уриндик ва аслида нима бўлганини суриштиришга тушдик. Маълум бўлишига сall-марказга унинг собиқ севгилиси қўнғироқ қилибди ва шахсий муносабатларини аниқлаштира бошлабди, қизга хақоратли сўзларни ёғдирибди, дўқ-пўписа ҳам қилибди. Бу вазият ҳақида бошлиқларга хабар беришди. Қизни ишдан бўшатишди. Айтишларича, у ўзини қўлга олиши керакмиш — ахир мижоз доим ҳақ, ҳаммасини тинч ҳал қилиши лозим эмиш. Аммо қиз ҳиссиётларини жиловлай олмаган, бу учун ишдан айрилди. Бошқарувчи ишдан бўшаш сабабини бизга тушунтирди, ахир унинг собиқ севгилиси ўрнида бошқа инсон ҳам бўлиши мумкин эди, мижоз билан бу тартибда мулоқот қилиш эса мумкин эмас. Унга ҳеч ким қарши чиқмади, ахир қайсидир маънода у ҳақ эди.

Зиқна бошлиқ

Сall-марказ раҳбарияти бизга босим ўтказарди. Шу маънодаки, карьера зинасидан баландга кўтарилишимизга қўйишмасди. Тўғри, раҳбариятни ҳурмат қилардик, аммо ривожланиш имкониятимиз бўлмагани учун кўпчилик яхши ходимлар ишдан кетишарди ва ўз ўринларини янгиларга, босимга кўниб ишлашга тайёрларга қолдиришарди.

Иш ҳақи категория бўйича бериларди. Масалан, биринчи категория оператори 1 миллион, иккинчиси — 800 минг, учинчиси — 500 минг сўм оларди. Иш ҳақи ошиши учун курашиш мумкин эмасди, аммо кўпчилик умид қилишдан тўхтамасди. Иш ҳақига ягона қўшимча — хизмат кўрсатишдан тушган бонуслар эди.

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *