Аслида эса... Хостесс
03 июл 2018, 12:20 715 кўрилди

Аслида эса

Хостесс

alt

Катта ҳаётга биринчи қадамлар

Лицейда ўқирдим. Икки йил давомида келажагим ҳақида ўйламаган ҳам эдим, охирги ўқув йили ҳамма қатори танлов қилишга тўғри келди. Бўлғуси касбни танлаш осон эмас, ахир келгуси танлов бутун ҳаётни белгилаб беради. Менинг тенгдошларим танлов қабул қилиб бўлишган ва кўпинча танлов болаликдаги орзуларидан келиб чиқади: “Шифокор бўлишни истайман”, “Журналистика — менинг касбим”, “Катта бўлсам, ўқитувчи бўламан”, “Мен милиционер бўламан” ва ҳоказо. Шундай қилиб, улар олий ўқув юртига ҳужжат топширишди ва кўпчилиги биринчи мартада ўқишга кириб кетишди. Мен эса факультетни дугонам билан ОТМга ҳужжат топширгани борганимда танладим. Афсуски, мен ўқишга кира олмадим...

Деярли бир йил уйда ўтирдим ва бир куни уйда ақлдан озмаслик учун нимадир қизиқ нарса билан шуғуллангим келди. Шундай қилиб, ишга киришга қарор қилдим ва бу менинг катта ҳаётга биринчи қадамим бўлди.

Касб

Дугонам билан иш қидиришга киришдим. Бир кун давомида биз кўплаб қизиқ жойларга бордик. Тўғриси, иш топиш осонлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Шундай қилиб, танловимни амалга оширдим ва ўзимни хостесс сифатида синаб кўришга қарор қилдим.

Хостесс — бу ресторан, кафе ёки барга киришда мижозларни биринчи кутиб оладиган одамдир. Одамлар қандай кайфиятда келиши ва кетиши айнан хостессга боғлиқ.

Биринчи куниёқ суҳбатдан ўтдим. Менга хостесс хушмуомала, киришувчан бўлиши, ёқимли гаплаша олиши ва доим кулиб туриши кераклигини тушунтиришди. Буларнинг барчаси — характернинг ички хусусиятлари ва агар одамда улар бўлса, иш тажрибасига қарамасдан, бу ўринни осонгина эгаллаши мумкин.

Мен билан гаплашиб, мени ишга олишга қарор қилишди. Аммо бўлғуси ходимларга муайян талаблар мавжуд эди: инглиз тилини билиш улардан биридир. Ахир бундай жойларга чет элликлар кўп келишади ва хостесс инглиз тилида суҳбатлашишни билиши керак. Чунки у нафақат меҳмонни кутиб олиши, балки меню ҳақида гапириб бериши ва ниманидир тавсия қилиши лозим бўлади.

Инглиз тилини унчалик яхши билмасдим, шунинг учун мен тунлари керакли сўзларни ёдлаб чиқа бошладим.

Хостесснинг вазифалари…

Ресторан ёки кафеда хостесснинг вазифасига асосан меҳмонларни кутиб олиш ва қабул қилиш, уларни столгача кузатиб қўйиш, қўнғироқларга жавоб бериш, менюни узатиш киради. Шунингдек, хостесс меҳмонлар қаерга ўтираётгани, залда тозалик ва тартиб бўлишини назорат қилади. Хостесс меҳмонларга таомлар ва ичимликлар ҳақида гапириб беради, яна хостесс меҳмонлар орасидаги барча муаммоли вазиятларни ечиши лозим.

Мени қабул қилишди ва тажриба орттиришга киришдим. Менинг стажировкам бир ҳафта давом этди. Бу вақт ичида мени кузатишди, ишни қандай бажараётганим, мижозлар билан қандай мулоқот қилаётганим, қанчалик ҳамма нарсани пухта ўрганганим ва эслаб қолганимга эътибор беришди. Ҳафта давомида фақат кунлик “йўл пули” (20 000 сўм) беришди. Вазифаларимни қандай бажариш кераклигини ўргатишди. Менга иккита телефон беришди, улар ёрдамида мижозлар билан мулоқот қилар ва столларни банд қилар эдим. Барча “дарс”лар тугагач, лавозимимни кўтаришди. Бу кутилмаганда содир бўлди, чунки қачон буни амалга оширишларини айтишмаганди. Энди кунига 50 000 сўм беришарди. Агар менюни ўрганим чиқсам, 20 000 сўмга кўпроқ тўлашларини айтишди, шунинг учун ўз устимда кўпроқ ишлай бошладим.

Иш кунлари

Менинг иш жадвалим стабил. Хостесс вазифасини беш киши бажарарди ва мен ишга фақат таклиф қилишганидагина борардим. Ишда шунга ўргатишдики, “мижоз” деган сўзни эмас, балки “меҳмон”ни ишлатиш лозим, иш жойи эса — бу бизнинг уйимиз ва биз меҳмонларни кутиб оламиз.

Бошида бироз қийин бўлди. Бутун кун давомида ҳаракатда бўлишим, оёқда туришим кераклигига ва дам олиш фақат уйга кетаётганимдагина бошланишига ўргана олмадим. Аммо вақт ўтиши билан мослашиб кетдим.

Баъзида барча ишчилар учун тренинг ўтказишади ва унда бизни текширишади, йўналиш беришади. Бир куни ўйин ўтказдик. Мен хостесс ролида эдим ва чет эллик меҳмон қўнғироқ қилди. У стол банд қилишни истади, шунингдек, меню ҳақида сўради. Тўғриси, гўшакни кўтаришим билан инглиз тилидаги нутқни эшитиб, довдираб қолдим... Ҳатто оддий саволларга ҳам жавоб беролмай қолдим, уларга жавобни кичиклигимданоқ билсам-да. Нима ҳам қилардим, ўзимга “минус”ни ишлаб олдим. Бахтимга ўшанда бизни қаттиқ баҳолашмади.

Жамоадаги муносабат…

alt

Жамоамиз катта. Ҳаммамиз ёш ва куч-қувватга тўлганмиз. Барча билан тил топиша олдим ва ҳатто бир неча дўст ҳам орттирдим. Тўғриси, мени асабимга тегадиганлар ҳам йўқ эмас. Улардан бири кун давомида атайин ғашимга тегиб юради. Унинг айтишича, бу мен у билан учрашишни рад этганим учун қасос экан. Айтганча, эркак ходимлар орасидан 85 фоизи уларнинг иккинчи ярми бўлишимни таклиф қилиб улгуришди. Бу ғалати туюлмади, ахир кўзга яқин қизман, аммо  сергаклаштирган нарса шу бўлдики, уларнинг барчаси ишдан кейин мени уйгача кузатиб қўйишни талашишарди.

Бир куни ортимдан автомобиль келарди. У деярли уйим олдигача келди. Кейинги кун эса у бизнинг ошпазимиз эканини билдим. Йигитлар билан гаплашиб, ҳаммасига ҳеч ким билан учрашиш ниятим йўқлигини, улар билан фақат иш юзасидан мулоқот қилишимни англатиб қўйдим. Аммо кўпчилигини бу тўхтата олмади, шу кунгача мен эътибордаман. Баъзида бу ёқимли ҳам.

Жамоамиз жуда ҳам аҳил. Биз бир-биримизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, керак бўлса айбимизни ёпамиз. Шундай қилиб, официантларга улар улгуришмаганида ёрдам бераман. Шеригим шунчаки ухлаб қолганида ўз дам олиш куним ҳам ишга чиққанман. Барча футбол бўйича жаҳон чемпионатини томоша қилаётганида бир ўзим столлар ва диванларни силжитишимга ҳам тўғри келган ва ҳоказо.

Минус икки

Мени бир жойда беш киши ишлашимиз ҳавотирга сола бошлади. Ахир уларнинг ичида ҳафтасига чамаси уч кун ишлардим. Ҳатто иккинчи иш топишни ҳам ўйладим, уйда ўтирмасам бўлгани. Аммо бир куни ишда аттестациядан ўтишимизни айтиб қолишди.

Аттестацияга икки ҳафта давомида тайёрландим. Натижада беш хостессдан энг яхшилари қолиши керак эди. Бизга саволлар беришди, жавобларимизни эса ёзиб олишди. Улар бўйича хулоса қилишлари керак эди. Ишга узоқдан қатнайдиган ва доим кечга қоладиган қиз кетади деб ўйладим. Ўзим учун ҳам хавотирда эдим, ахир хостесслар ичида энг “янгиси” эдим ва бошқалар каби катта тажриба тўплаб улгурмагандим. Иккита ходим кетди. Иккиси ҳам бир йилга яқин ишлаганди, аммо берган жавоблари бўйича мендан кучсизроқ эканликлари маълум бўлди. Йиғилишда йиғлаб юбордим, ҳақиқатан ҳам уларга раҳмим келди. Аммо улар аксинча табассум қилишарди. Балки улар шунчаки қайғуларини кўрсатишни исташмагандир.

Энди ҳафтасига олти кун ишлаяпман. Биз уч кишимиз ва ишим менга жуда ёқади. Аммо қизларнинг фикрича, бизга яна бир ходим зарур. Мен эса бундай ўйламайман, шунинг учун ҳам одамлар келиб, бизга хостесс керак эмасми деб сўрашганида, дарҳол ЙЎҚ деб жавоб бераман!

Меҳмонлар билан кўнгилсизликлар…

Бизнинг доимий меҳмонларимиз мени ёқтириб қолишди. Ҳатто баъзилари мен ҳақимда ижобий баҳо ёзиб қолдиришди, бунинг учун раҳбариятдан мақтов эшитдим.

Яқиндагина ишхонамизда туғилган кун нишонланди. Мижоз бутун бинони банд қилди ва меҳмонлар, хизмат кўрсатувчи ходимларга эътибор бермай, байрамни ажойиб нишонлашди. Афсуски, тадбир ёқимсиз ҳодисаларсиз бўлмади. Зал ўртасида тўсатдан можаро бошланди. Маълум бўлишича, меҳмонлардан бири официант қиз ўз вазифасини бажараётганида у билан танишмоқчи бўлибди. Меҳмон тихирлик қилаверибди, аммо бизнинг ходимимиз кўнмабди. Шунда меҳмон дабдурустдан қизни қўлидан ушлабди, қиз эса қўлини тортиб олибди. Назоратчимиз қизни ҳимоя қилгани эса меҳмонга ёқмапти ва йигитни итариб юборибди. Шу билан жанжал бошланиб кетибди. Қўриқчилар барчани бир-биридан айириб олишди, аммо байрам “тагига олиб бўлганди”. Шунда ташаббусни ўз қўлимга олдим ва меҳмонларни тинчлантириш учун рақслар билан қувноқ танлов ўтказа бошладим. Хоҳловчилар ўйингоҳга чиқишди ва биз томонимиздан тез-тез алмаштириб қўйилаётган мусиқаларга ўйнай бошлашди: аввал арабча, кейин циганча ва ҳоказо. Бу чиқиш барчани қизиқтира олди. Шундай қилиб, байрамни қутқариб қолдим, бунинг учун эса йиғилишда раҳбарият мени мукофотлади!

Кўпчилик меҳмонлар кета туриб мени бир оғиз сўзга четга тортишди. Улар кейинчалик мен билан мулоқот қилиш учун телефон рақамимни сўрашди. Аммо бизга меҳмонлар билан бундай мулоқотга киришиш ва телефон рақамимизни бериш тақиқланган. Ҳозирги кунгача нима бўлишидан қатъий назар мен бу қоидага амал қилиб келяпман.

Бир куни меҳмон эр-хотин  келди. Мен уларни яхши кутиб олдим ва столгача кузатиб қўйдим. Ҳаммасини тушунтирдим ва уларни қизиқтирган барчасини гапириб бердим. Асосан саволни эркак берарди ва менга ғалати назар ташларди. Аёли уни гапини бўлар ва мени кетишим мумкинлигини айтарди. Аммо эркак туриб, мени ортимдан кета бошлади. Ортимга қараб, уни кўрдим ва унга нима кераклиги ҳақида ўйлай бошладим. У мени аёлидан узоқроқ жойга олиб бориб, менинг шахсий ҳаётим ҳақида сўрай бошлади. Унинг ғазабга минган аёли етиб келиб, эсини еган каби менга бақира кетди. Яхшики, биз бошқа меҳмонлар эшитмайдиган ва кўрмайдиган ҳудудда эдик.  Аёл эрини қўлидан қаттиқ ушлаб, сўка-сўка ташқарига олиб чиқиб кетди. Ҳа, бунақаси ҳам бўлиб туради...

Кўпинча вояга етмаган ёш йигитчалар норози ҳолда чиқиб кетишади... Чунки уларни кутиб олганда, мен ёшларини сўрайман, 21 ёшга етмаганлар алкогол ичимликлар ичиши, кальян чекиши тақиқланади. Бунинг ўрнига уларга турли алкоголсиз ичимликлар, ширин ва ноодатий таомлар ва қизиқарли шоуларни таклиф этаман, аммо ҳаммани ҳам булар билан қизиқтириб бўлмайди.

Баъзида бу ерга “крутой йигитлар”, “окахонлар” ва бошқалар келишади. Улар спорт кийимида келиб, ўзларини беадаб тутадилар, баланд овозда гапирадилар, официантларни беҳурмат қиладилар ва сўкадилар. Бундай меҳмонларни имкон қадар киритмаслик афзал, аммо мен одам ажратгим келмасди ва битта хатони такрор ва такрор қилардим... Бир куни шундай “окахонлар”дан бири ўзига ўхшаган дўстлари билан менга саволлар билан хиралик қила бошлади. Қаерда яшашимни сўради, кейин бетамиз хушомадлар қила кетди. Кетаётганларида ҳам телефон рақамимни сўраб, хуноб қилишди. Бахтимга қўриқчилар дарҳол етиб келишди ва уларни ташқарига чиқариб ташлашди.

Ҳаётимиздаги янгиликлар…

Куни кеча бизга ишхонада ҳамма бир хил форма кийишини айтишди: оқ кофта, корсет ва қизил лаб бўёғи бизнинг ташқи кўринишимизнинг ажралмас қисми бўлиб қолди. Тўғриси, янги кофта олиш ниятим йўқ эди, бунга ортиқча пулим ҳам йўқ эди. Бахтимга раҳбаримиз ҳаммага кийим пулининг ярмини беришини айтиб қолди. Кофталар Тошкентнинг бренд магазинидан олинди, яна 50 фоизлик чегирма билан! Шундай қилиб менинг янги формам 40 000 сўмга тушди, ажойиб! Энди ҳамма қизлар европа услубидаги чиройли кўринишга эга, тўғриси корсет қоматни бироз сиқиб туради, кун давомида уни кийиб юрганимиз учун нафас олиш қийинлашади. Аммо қизларнинг айтишича, бунга тез орада ўрганиб қоламиз.

Овқатланишимиз ҳам ишхона ҳисобидан, кунига икки марта тамадди қиламиз: тушлик ва кечки овқат. Овқатга инжиқ бўлганим учун доим ҳам ҳамкасбларим билан овқатлана олмайман, чунки бизга баъзида тушунарсиз бўтқаларни беришади, бу менга ёқмайди. Шунинг учун оч ҳолатда ҳам юравераман, уйга келиб, ойимнинг мазали таомларини мириқиб тановул қиламан.

Шунингдек, ишхонамизда ажойиб фишка бор. Официантлар жўшқин бир рақсни ўрганиб олишган ва баъзида биз меҳмонлар учун шоу уюштирамиз ва официантлар жони дили билан ўз чиқишларини намойиш қилишади.

Хостесс бўлиб ишлаётганимга яқинда бир ой тўлади. Ҳақиқатан ҳам одамлар орасида бўлишни ёқтираман: уларни кутиб олиш, кузатиш, улар билан мулоқот қилишни хуш кўраман. Майли, мени тажрибасиз ходим деб билишсин, “янги” дейишсин ва ҳоказо. Аммо мен раҳбариятга ўзимни қобилиятли ходим эканимни исботладим, ишда ўзимни кўрсата олдим, ўзим ҳақимда яхши фикр қолдира олдим ва энг асосийси — ўзимга ўзим ҳамма нарсани уддалай олишимни исботладим!

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама