Махсус янгиликлар 1 Шархлар 1222 кўрилди

Олмалиқ кон-металлургия комбинатидаги портлатишлар таъсирида 12 киши яшайдиган уй жарга қулаб бормоқда. Ҳокимлик эса бу оила тақдирига бефарқ

авг 10 / 2018

alt

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри Тоғолди кўчаси 35-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Нигора Арслонованинг хонадони авария ҳолатига келиб қолган, бироқ ҳеч қайси мутасаддидан ёрдам ололмаяпти, деб ёзади “Оила даврасида” газетаси. 

Олмалиқ кон-металлургия комбинати ходимларининг тоғда тинимсиз портлатиш ишларини олиб бориши натижасида жар ёқасида жойлашган мазкур хонадоннинг деразаларидаги ойналари синиб тушган, ўртаси бўз тортиб бўлинган икки хонали тор ва вайрона кулбада тўрт оила, жами 12 киши яшамоқда. Улардан олти нафари вояга етмаган.

— Ўн йил илгари шу жойни сотиб олиб, уй солган эдик, — дейди Нигора Арслонова. — Дастлаб, қурган уйимиз уч хонали эди. Лекин тоғолди, конга яқин ҳудуд эмасми, тинимсиз портлаш бўлади. Ёмғир-қорли кунлардан бирида хонамиздан бири жарга ўпирилиб тушган. Яқин орада қолган икки хонамиз ҳам қулаб тушмасайди, деб жонимиз ҳалак. Жарлик ёқасида бўлгани учун уйимизни зах босган, ҳашаротлар кўпайган. Кунда-кунора уй ичидан чаён тутиб оламиз. Набираларимни чақиб олишидан қаттиқ хавотир олиб, бир неча йил бошқа жойларда ҳам сарсон-саргардонликда, ижарада яшаб юрдик. Лекин ижара ҳақи қимматлаб кетганига қурбимиз етмай, икки йилдан бери яна шу жойдамиз. Қирқ йил трактор ҳайдаган турмуш ўртоғим ҳозирда нафақада. Ижарага машина олиб, киракашлик қиляпти. Катта қизим уч фарзанди билан  бизникида яшайди. Яқинда келинимнинг кўзи ёриган эди. У уйдаги шароит ёмонлигидан онасиникига кетиб қолди. Хуллас, шу биргина ночор турар жой фарзандларимизнинг ­оиласи пароканда бўлишига олиб келмоқда.

Хонадонда на газ бор, на ичимлик сув. Ҳартугул, электр токини бир амаллаб, қўлбола усулда тортиб келинган. Газ олиб келишга эса қурби етмаган. Шу боис чой электрда, овқат ўчоқда қилинади.

— Уйимдаги аҳвол юзасидан икки йилдан бери туман ҳокимлигига қатнайман, — дея сўзини давом эттирди Нигора Арслонова. — Лекин бирон бир ижобий натижа бўлмади. Жорий йилда туман ҳокимининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Шундан сўнг туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимидан вакиллар келиб, ҳолатни кўриб, қўрқиб кетишди. Бу уйда бир ёки икки йил яшаш тугул, бир кун ҳам туриб бўлмайди, деб кетган мутасаддилар шу бўйи қорасини кўрсатмади. Уйимиздаги вазиятни тегишли тартибда кўриб чиқиб, ижобий ҳал этиб берамиз, деган ваъдасини бажаришмади. Аҳволимиздан маҳалла раиси ҳам хабардор бўлса-да, бирон марта бизнинг тарафимизни олиб, ёрдам қўлини чўзган эмас.

Туман ҳокимининг қабулига кириш учун роса ҳаракат қилдик. Лекин бу мақсадимиз ҳам амалга ошмай келяпти. Котибанинг айтишича, у бизга ўхшаганларни ҳокимнинг қабулига киритмагани учун маош олар эмиш. Бир гал арзон уй-жой беришини сўрасам, бошланғич бадални тўлай олмайсизлар, деб аризамни қайтаришди. Ахир, бошланғич бадални тўлашнинг ҳам бошқача йўллари бордир... Бу борада давлатимиз раҳбари бир қатор қулайликлар яратиб беряпти-ку. Наҳотки, мутасаддиларимиз шуни била туриб, кўкрагимиздан итараверади? Бу адолатданми? Ҳеч бўлмаса, бизга бошқа жойдан тўрт сотих ер ажратишнинг иложи ҳам йўқмикан?

Оиланинг катта қизи С.Жўраеванинг айтишича, у ҳам туман ҳокимлигига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мурожаатига Олмалиқ шаҳар ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари А.Қосимхўжаев имзоси билан бошқа жойга мурожаат қилиш учун “қимматли” тавсия берган, холос. Ҳокимлик аёлга уй-жой бериш у ёқда турсин, ҳатто, унинг шароити билан ҳам яқиндан танишмаган.

Мақола муаллифининг ёзишича, у мазкур вазиятни ўрганиш чоғида Олмалиқ туман ҳокимлигига ҳам борган. Бироқ ўша куни ҳокимнинг фуқароларни қабул қилиш куни бўлишига қарамай, соат 8.00 дан 12.00 га қадар белгиланган қабулга на бирор фуқаро на ҳоким келган. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

  • Мехмон
    24 август 2018, 00:46

    Асалому алайкум мен Навоий дан саволим шуки мен ва турмуш уртогим давлат ишда НКМКда ишлаймиз мана 10йил дан буен ижарада турамиз 2 нафар фарзандим бор кредитга уй олмокчимиз лекин бошидан 30% туловини амалга ошириш учун маблагимиз ёк кандай килиб кредитга уй олсак булади ойлик маошимиз иккаламизники хам кам эмас кредит тулашга етарли шу масалага ёрдам беришингизни илтимос киламан ёрдам беринг.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *