Январь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 3,5 %га қимматлашди
05 феврал 2018, 14:35 1665 кўрилди

 

alt

2018 йилнинг биринчи ойи давомида истеъмол бозорида товар ва хизматлар ўртача 2,7 %га ошди, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 3,5 %га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 2,3 %га ва хизматлар 1,4 %га қимматлашган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг январ ойида товар ва хизматларнинг истеъмол нархлари 0,8 %га, шулардан озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 %га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар 0,6 %га ошганди.

Статистика қўмитасининг таҳлилий маълумотларига кўра, 2018 йилнинг январь ойида асосий инфляцион омил сифатида озиқ-овқат товарлари нархларининг кўтарилиши сабаб бўлди.

Ой давомида гуруч 7,5 %, сут 5,4 %, тирик ва музлатилган балиқ 4,8 %, сариёғ 4,4 %, тухум 4,2 %, қаймоқ 3,7 %, манний ёрмаси 2,7 %, ловия 2,5 %, мол ва қўй гўшти 2,2 %, творог 2,1 %, қандолат маҳсулотлари ўртача 1,8 %, буғдой уни 1,4 % ва ўсимлик ёғи нархлари 1,0 %га ошган.

Мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши асосан одатий ҳисобланган мавсумий омиллар натижасида рўй берди: олма ва ноклар 12,8 %, помидор 10,4 %, пиёз 8,7 %, ошқовоқ 8,6 %, бодринг 6,2 %, картошка 4,5 %, ёнғоқ 3,3 %, лавлаги нархлари 1,4 %га қимматлашди. Асосий турдаги мева ва сабзавотлар нархининг ошиши баробарида сабзи 4,0 %га ва карам маҳсулоти нархлари 0,2 %га арзонлашган.

Бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари орасида бирмунча барқарор ҳолат кузатилган бўлиб, булар орасида шакар ва парранда гўшти маҳсулотлари нархлари пасайганлиги ҳам қайд этилган (1,0 % ҳамда 0,8 % га).

Спиртли ичимликлар нархларининг ошиши 2018 йил 1 январдан махаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларига нисбатан янги актсиз солиқларининг жорий этилиши ҳамда Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг минимал улгуржи ва чакана сотиш нархларининг қайта белгиланиши билан боғлиқдир. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ой давомида 2,3 %га кўтарилиб, умумий ИНИнинг ўсишига 0,8 ф.д.да ўз таъсирини ўтказди.

Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш шаҳобчаларидаги пропан ҳамда метан газларининг сотиш нархлари 10,2 % ва 11,2 %га қимматлашиб, умумий ИНИ ўсишига 0,1 ф.д.да таъсир кўрсатди.

Республикада ишлаб чиқарилаётган тамаки маҳсулотларига бўлган актсиз солиқларининг кўтарилиши истеъмол бозоридаги сигарет ва тамаки маҳсулотларининг 8,8 %га қимматлашишига сабаб бўлди.

Юқорида номи қайд этилган маҳсулотларнинг нархлари кўтарилмаганида умумий инфляция даражаси 0,2 ф.д.да пастроқ кўрсаткични ташкил этган бўлар эди. Аҳоли учун хизматлар ой давомида ўртача 1,4 %га кўтарилди. Бу эса ИНИ умумий ўсишига 0,3 ф.д.да таъсир этди, дейилади қўмита хабарида.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  05 феврал 2018, 16:58
Яна бир омил сабаб булиши мумкин 500 сумлик танга пулларни мумлага чикармаслик керак. Танга пулларнинг чикарилиши инфляцига сабаб булиши мумкин. ...
Реклама