Қайта молиялаш ставкаси ўзгартиришсиз қолдирилди — Марказий банк

июл 30 / 2018

alt

28 июль куни Марказий банк Бошқаруви ўзининг навбатдаги йиғилишида қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мазкур қарор истеъмол нархлари ўсиш суръатининг пасайиш тенденциясини мустаҳкамлаш ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар даврида инфляцион босимнинг кучайиш хавфи сақланиб қолаётганлиги сабабли миллий валютадаги депозитларнинг нисбатан юқори даромадлилигини таъминлашга қаратилди.

2018 йилнинг январь-июнь ойларида истеъмол нархлари индексининг ўсиши ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 6,2 фоизни (2017 йилнинг январь-июнь ойларида 7,2 фоиз) ташкил қилди. Мазкур даврда истеъмол нархлари индексининг ойлик динамикаси январь ойидаги 2,7 фоиздан июнь ойига келиб -0,4 фоизгача тушиши, иқтисодиётда нархларнинг пасайиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Ушбу даврда инфляция таркибида ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда сезиларли ўзгаришлар рўй берди. 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши инфляцияга таъсир кўрсатган асосий омил бўлган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида уларнинг ўсиши икки баробарга секинлашиб 4,6 фоизни, хизматлар тарифлари ошиши эса икки баробарга ошиб 8 фоизни ташкил этди. Ўз навбатида, 2018 йилнинг январь-июнь ойларида ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ва хизматлар тарифлари ошиши инфляцияни келтириб чиқарувчи асосий омиллар бўлди.

Нархлар ўсиши умумий динамикасининг пасайишига қарамасдан, тартибга солинадиган нархларнинг оширилиши ҳамда айрим асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг сезиларли даражада қимматлашуви ҳисобига иқтисодиётда юқори инфляцион босим сақланиб қолмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *