Қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз миқдорида қолдирилди
08 феврал 2018, 10:17 1025 кўрилди

alt

Марказий банки Бошқаруви томонидан қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида ўзгартирмасдан қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.

Шу билан бирга, банк тизимида ликвидлик ҳажми ошишининг давом этиши ва ортиқча ликвидликнинг вужудга келиши натижасида монетар омиллар таъсирида инфляцион хатарларнинг кучайиши ҳолатлари юзага келганда Марказий банк пул-кредит сиёсатини янада қатъийлаштириш, шу жумладан тижорат банклари томонидан мажбурий захиралаш тартибига ўзгартириш киритиш бўйича тегишли чоралар кўради.

МБ хабарига кўра, 2017 йилнинг IV чорагида пул-кредит сиёсати инструментлари ва чораларини қўллашда асосий эътибор инфляцияни жиловлашга қаратилди.

Қайта молиялаш ставкасининг 14 фоиз даражасида сақлаб қолиниши ва тижорат банклари томонидан кредит портфелларини шакллантиришда иқтисодий мезонларга тўлиқ риоя қилинишига қаратилган алоҳида эътибор натижасида иқтисодиётга ажратилаётган кредитлар ҳажми ва пул массасининг кескин ошиб кетиши олди олинди.

Бунда, Марказий банк томонидан амалдаги қайта молиялаш ставкасида тижорат банкларига ликвидликни бериш операцияларини давом эттирилиши банклараро пул бозори ҳамда банкларнинг депозит ва кредитлари бўйича фоиз ставкаларининг кўтарилишига таъсир кўрсатди.

Қайд этиш лозимки, 2017 йилнинг IV чорагида банк тизимидаги ликвидлик ҳажмининг ошиши фоиз ставкаларининг пасайишига олиб келмади. Бунда, кузатилган ликвидлик ошишининг асосий қисми алоҳида йирик банклар ҳиссасига тўғри келди. Мазкур банклар томонидан ликвидликнинг оширилиши уларнинг ўз мижозлари олдидаги қисқа муддатли мажбуриятларини бажариш мақсадида амалга оширилди ва ушбу молиявий ресурслар банклараро пул бозорида қўшимча таклифни ҳосил қилмади.

2018 йилнинг январь ойида Марказий банк томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари иқтисодиётда маълум даражадаги инфляцион кутилмаларнинг сақланиб қолаётганидан далолат беради.

Ушбу шароитларда 2018 йилда монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини камайтириш орқали нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатъий пул кредит сиёсати давом эттирилади.

Юзага келган янги воқеликда нархлар ўсишини олдини олиш вазифаси номонетар омиллар асосида юзага келаётган хатарларни олдини олишга жиддий эътибор қаратишни талаб этади.

Давлат бюджети харажатлари ва даромадларининг банк тизимидаги ликвидликка ва пул массасига таъсир кўламининг кенглиги туфайли пул-кредит сиёсатининг самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг солиқ-бюджет сиёсати билан мутаносиб равишда олиб борилишига боғлиқ бўлиб қолади.

Бунда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобварақларида ўтган даврлар мобайнида йиғилган маблағларни сарфлаш натижасидаги хатарлар сақланиб қолмоқда.

Шунингдек, нархлар ва ташқи савдо шартларини эркинлаштирилиши шароитларига ички нархларнинг мослашиб бориши иқтисодиётда инфляцион босимни юзага келтиришда давом этади.

Шу билан бирга, иқтисодиётга йўналтирилаётган инвестициялар ва қурилиш ҳажмларининг қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятларидан сезиларли даражада юқорилиги уларнинг нархларига бевосита, шунингдек инвестицион харажатлар ортиши натижасида ушбу маҳсулотлар таннархининг қимматлаши орқали билвосита таъсир кўрсатиши мумкин.

Монетар ва номонетар омилларнинг нархлар барқарорлигига жорий ва кутилаётган таъсирини инобатга олиб, Марказий банкнинг фоиз сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кредитлаш ҳажмларининг пул массаси ва иқтисодиётда ялпи талабни ошишига таъсирини камайтириш ҳамда аҳолининг банклардаги миллий валютадаги жамғармаларининг ижобий ўсиш динамикасини сақлаб қолиш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Бунда, пул массаси динамикасида давлат харажатлари ҳамда ташқи омиллар таъсирининг юқорилиги шароитларида қайта молиялаш ставкасининг янада оширилиши кутилган натижалар бермаслиги ва иқтисодиётнинг реал секторидаги фаоллик ва инвестицион жараёнларни сусайишига олиб келиши мумкин, дейилади хабарда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Реклама