Шавкат Мирзиёев Россия молия вазирини қабул қилди

мар 06 / 2018

alt

Президент Шавкат Мирзиёев 6 март куни икки томонлама идоралараро маслаҳатлашувлар ўтказиш учун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуановни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар беради.

Учрашувда бугунги кунда икки мамлакат молия вазирликлари ўртасида Ўзбекистон Президентининг ўтган йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи чоғида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида яқин ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, юқори тоифада ва экспертлар даражасидаги ўзаро ташрифлар ва икки томонлама тадбирлар ўтказилмоқда, илғор тажриба ва билим алмашиш борасида фаол иш олиб борилмоқда, қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Суҳбат чоғида молиявий соҳадаги самарали мулоқотни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Молия, солиқ ва божхона органларини модернизация қилиш, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш ва мутаносиблигига эришиш, молиявий назорат механизмларини такомиллаштириш, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва бошқа йўналишлар бўйича илғор тажриба, технологиялар ва билимларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йирик савдо ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Антон Силуанов Россия мамлакатларимиз ўртасида молиявий соҳадаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдорлиги, бу борадаги шерикликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *