Молия вазири ўринбосарлари иш ҳақи ўз вақтида тўланишини назоратга олади

фев 05 / 2018

alt

Республикамизнинг айрим вилоятларида бюджет ташкилотлари ходимларига 2017 йил декабрь ойининг иккинчи ярми учун иш ҳақи тўланиши белгиланган муддатларга нисбатан кечикишига йўл қўйилган. 31 январ куни Молия вазири Ж.А. Қўчқоров раҳбарлигида вазир ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг бошқарма бошлиқлари иштирокида иш ҳақи тўловини белгиланган муддатларда тўланиши юзасидан навбатдан ташқари йиғилишда бу ҳақда маълум қилинди.

Йиғилишда таъкидланишича, 2018 йилнинг январь ойи давомида иш ҳақини тўлаш муддатларига риоя этилмаганлиги юзасидан ҳам республиканинг турли ҳудудларидан бир нечта мурожаат(шикоят)лар келиб тушган. 

Вазирликнинг тармоқ бошқармалари бошлиқларининг фаолияти бюджет ташкилотлари томонидан иш ҳақини ўз вақтида ҳисоблаб, тўлов ҳужжатларини молия ва ғазначилик органларига тақдим этилиши бўйича назоратни таъминламаганликлари учун қаттиқ танқид остига олинди.

Йиғилишда вазир ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг тармоқ бошқармалари бошлиқларига:

  • иш ҳақи тўлови учун бюджет ссудаларини ва бошқа маблағларни кечи билан 2 иш куни ичида молиялаштирилишини таъминлаш;
  • бюджет ташкилоти ходимларига ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақи тўланишини кечи билан кейинги ойнинг биринчи 5 иш кунида, ойнинг биринчи ярми учун аванс тўловларини эса кечи билан жорий ойнинг 20 санасигача тўланишини шахсий назоратга олишлари бўйича топшириқлар берилди.

Қайд этилишича, январь ойида вазирлик томонидан қуйи молия органларига бюджет ташкилотлари ишчиларининг иш ҳақи тўловларини ўз вақтида тўланишини таъминлаш мақсадида жами 588 млрд сўм миқдорда қисқа муддатли бюджет ссудалари ва бошқа маблағлар ажратилган.

Бюджет ташкилотларида ойлик иш ҳақини тўланишининг кечикиш ҳолатлари бўйича Молия вазирлигининг (371) 200-50-50 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *