Марказий банк муомаладан чиқарилаётган тангалар ва банкнотларни алмаштириш тартиби ҳақида маълумот берди

мая 23 / 2018

alt

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангаларнинг муомалага чиқарилиши режалаштирилаётганлиги муносабати билан эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларини, шунингдек 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларини муомаладан қайтариб олиш кўзда тутилган.

Мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.

Эски намунадаги тангаларни ва банкнотларни муомаладан қайтариб олиш табиий йўл билан, яъни банк кассаларига келиб тушган ушбу тангалар ва банкнотларни қайта муомалага чиқармаслик орқали амалга оширилади. Бу ҳақда МБ расмий сайти хабар қилади.

Тасдиқланган тартибга кўра, муомалада бўлиш муддати:

- эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангалар ҳамда 50 ва 100 сўмлик банкнотлар учун 2019 йилнинг 1 июлига қадар;

- эски намунадаги 200 ва 500 сўмлик банкнотлар учун 2020 йил 1 июлга қадар белгиланган.

Белгиланган муддат давомида ушбу банкнот ва тангалар қонуний тўлов воситаси ҳисобланиб, улар билан нақд пулдаги тўловларни амалга ошириш мумкин.

Нақд пулдаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда ушбу танга ва банкнотлардан чекловларсиз қабул қилинади.

Ушбу тангалар ва банкнотлар савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳа субъектларининг кунлик нақд пул тушуми сифатида банк кассаларига топширилади ҳамда қайта муомалага чиқарилмайди.

Аҳоли қўлидаги эски намунадаги тангалар ва банкнотларни банк филиаллари орқали ҳам янги намунадаги тангаларга алмаштириб олишлари мумкин.

Эски намунадаги тангалар ва банкнотларни банклар орқали янги тангаларга алмаштириб олиш:

- 50 ва 100 сўмлик тангалар ҳамда 50 ва 100 сўмлик банкнотлар янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилган кундан бошлаб;

- эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотларни 2019 йил 1 июлдан бошлаб банк кассалари орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангаларнинг муомалага чиқариш санаси, уларнинг кўриниши ва тавсифи Марказий банкнинг расмий веб-сайти ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *