Камида 200 минг доллар инвестиция киритган чет элликларга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси берилиши мумкин

июл 17 / 2018

alt

Мамлакатда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш, мазкур йўналишда давлат сиёсатининг изчиллигига инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида топшириққа асосан Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда инвестицион муҳитни тубдан яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳасини тайёрлади. Фармон лойиҳаси Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида эълон қилинган.

Лойиҳада Ўзбекистонга камида 200 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга соддалаштирилган тартибда Ўзбекистонда истиқомат қилиш учун яшаш гувоҳномасини ва кўп марталик визаларни олишнинг янги механизмлари таклиф этилмоқда. Мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига “Фахрий фуқаро” унвонини бериш масаласи кўриб чиқилади.

Шунингдек, инвестор ва тадбиркорлик субъектларини давлат органининг ноқонуний маъмурий актларидан ҳимоялаш механизмлари ўрнатилмоқда. 

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишда қонунийлик ва аниқликни таъминлаш мақсадида, лойиҳада ер участкаларини олиб қўйишнинг аниқ ҳолатлари белгиланмоқда. Турар жой ва ишлаб чиқариш объектларини бузиш фақат кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва мулкдорга етказиладиган зарарнинг ўрни қоплангандан кейин амалга оширилиши қайд этилмоқда. Шу билан бирга, инвестициявий фаолиятни амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилган, хусусан, ер участкаларини 50 йилгача узоқ муддатли ижарага бериш тартиби жорий этилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *