"Ўзбекнефтгаз" суюлтирилган газ нархи нега ошганини изоҳлади

июл 30 / 2018

alt

Шу кунларда истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлашда муаммолар келиб чиқаётгани ҳақида гаплар кўпаймоқда.

Ўзбекистон табиий газ заҳирасига бой эканлиги билан машҳур. Газни қайта ишлаш технологияларининг кенг тарқалиши эса ундан фойдаланиш имкониятларини янада орттирди. Масалан, бизда суюлтирилган газни ишлаб чиқиш, сақлаш ва транспортировка қилиш ечими топилганидан сўнг, у ёки бу сабаблар туфайли газ таъминоти имконияти йўқ олис ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларини ушбу ёқилғи билан таъминлаш шароити пайдо бўлди. Енгил, юк ва йўловчи ташувчи автотранспортлар ушбу муқобил ва экологик ёқилғига ўтказилмоқда.   

Иқтисодиёт секторлари, аҳоли ва автотранспорт томонидан истеъмол қилинадиган суюлтирилган газнинг асосий ҳиссаси "Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ корхоналарида ишлаб чиқарилади. Масалан, Муборак газни қайта ишлаш заводида пропан-бутан аралашмасини олишга мўлжалланган учта қурилма мавжуд бўлиб, улар йилига 280 минг тонна суюлтирилган газни ишлаб чиқариш қувватига эга. Шўртан газ-кимё мажмуаси йилига 100 минг тоннага яқин суюлтирилган газ ишлаб чиқаради. Умуман олганда, республикада йилига 800 минг тоннага яқин юқори талабли маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Жуда салмоқли ҳажм.   

Бозор иқтисодиёти шароитида талабнинг юқорилиги ва таъминотнинг етишмаслиги суюлтириган газ нархининг ошишига олиб келади. Шу туфайли, автомобил газ қуйиш шаҳобчаларида газ нархининг юқорилиги борасидаги шикоят ва даъволар асосли ва тушунса бўладиган.   

Келинг, бу масалани холислик билан ҳиссиётларга берилмасдан кўриб чиқайлик.

Суюлтирилган газ автомобил газ қуйиш шаҳобчаларига фақатгина биржа савдолари орқали сотилади. Яъни, "Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ корхоналари маълум бир ҳажмда маҳсулотни биржа савдоларига чиқаради ва унда унинг нархи шаклланади. Шундан сўнг, автомобил газ қуйиш шаҳобчаларига эгалик қиладиган компаниялар ва хусусий газ тўлдириш станциялари аҳолига тижорат нархларда сотиш учун ҳарид қилинган суюлтирилган газни ишлаб чиқариш корхоналаридан автомобил газ қуйиш шаҳобчаларига етказиб бериш, сақлаш ва тарқатиш учун олиб чиқадилар ва ўз тижорат нархларини белгилайдилар. Бу ҳолатда, қиймат бозор механизмларига мувофиқ шаклланади, "Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖнинг ишлаб чиқариш таннархидан эмас.

Унда нега нархлар тобора ўсиб бормоқда? Балки газ қуйиш шаҳобчалари ва хусусий газ тўлдириш станциялари эгалари нархларни кўтариб қўяётгандирлар?

Жавобни топиш учун савдо натижалари асосида шаклланадиган биржа котировлари билан танишиш зарур. Кўриниб турибдики, шу йилнинг бошидан бери суюлтириган газнинг бир тонна нархи доимий равишда пасайиб борган ва апрел ойининг биринчи ҳафтасида 1 195 990 сўмгача етган. Май бошида бу кўрсаткич бироз ўсган – 1 545 236 сўмгача. Бироқ кейинчалик суюлтирилган газнинг нархи жадаллик билан ўса бошлаган. 21 - 25 май кунларида ўтказилган савдоларда газ қиймати 3 517 322 сўмгача кўтарилган ва июн ойи бошида 3 666 414 сўм кўрсаткичига етган. Бироз вақтдан сўнг суюлтирилган газнинг бир тонна нархи 6,2 фоизга, яъни 3 439 823 сўмгача тушгандай бўлди. Бироқ, бу пасайиш кескин ўсиш билан алмашди. Июн ва июл ойлари биржа котировкалари натижаларига кўра, газ қиймати ҳафтасига 448,7 мингдан 605 минггача қўшилиб бораверди ва 16 – 20 июл ойи кунлари ўтказилган савдоларда газнинг бир тонна нархи 5 524 608 сўмни ташкил этди.

Нархнинг кескин ўсишига нима сабаб бўлмоқда? Мутахассислар бир нечта сабабларни келтирмоқда, суюлтирилган газнинг экспорт қилиниши туфайли биржа савдоларига қўйиладиган ҳажмнинг вақтинчалик камайиши шулар жумласидандир.

Ўз машиналарини экологик жиҳатдан тозароқ ва бензинга нисбатан арзонроқ ёқилғида ишлайдиган қилиб қайта жиҳозлаган автомобил эгаларининг норозилигини тушунса бўлади. Аммо айни пайтда бир нечта жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Биринчидан, суюлтирилган газнинг салмоқли ҳажми аҳоли эҳтиёжи учун имтиёзли нархларда “Ўзтрансгаз” АЖнинг газ таъминоти бўйича ҳудудий бўлинмалари орқали ажратилади.

Иккинчидан, автомобил газ қуйиш шаҳобчаларининг ўзида тартиб ўрнатиш зарур, чунки айнан газ қуйиш шаҳобчаларида аҳоли эҳтиёжи учун имтиёзли нарҳда  ажратилган газни ўғирлаш ҳолатлари юқори. У ердаги тартибни ўрнатиш "Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ ходимлари зиммасида эмаслиги аниқ.

Албатта, суюлтирилган газнинг биржа савдоларидаги қийматинининг пасайишига унинг савдога қўйиладиган ҳажмини ошириш орқали эришилади деб айтиш мумкин. Топшириққа мувофиқ, 2018 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган биржа савдоларида 181,7 минг тонна суюлтирилган газ сотилган ва бу кўрсаткич 2017 йилнинг шу даври билан солиштирилганда 26 фоиз ёки 38 минг тоннага кўп деганидир.

Мутахассиларнинг баҳолашича, суюлтирилган газ қийматининг газ қуйиш шаҳобчаларидаги кейинги ўсиши даргумон, чунки ҳозирда суюлтирилган газнинг бензин билан нархи деярли тенглашиб қолган. Бундай кетаверса, автомобиль эгалари асосий ёқилғи бўлган бензинни афзал кўришлари аниқ. Айниқса, аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, 2018 йилда давлатимиз раҳбарияти томонидан истеъмолчиларни республиканинг барча худудларида, узоқ ва етиб бориш қийин бўлган туманлари шулар жумласидан, автомобил бензини билан таъминлаш борасида бир қатор чоралар кўрилди.

Энди аҳолига маиший эҳтиёжлар учун мўлжалланган ишлаб чиқариш таннархидан пастроқ қилиб белгиланган суюлтирилган газни сотиш билан боғлиқ саволларни кўриб чиқамиз. 20 килограммлик балоннни етказиб бериш ҳудудига қараб қиймати 6,5 мингдан 14,4 минг сўмни ташкил этади. 2018 йилнинг 1 августидан бошлаб республика бўйлаб ягона қиймат ўрнатилади – бир килограмм суюлтирилган газ 800 сўмга сотилади. Кейинчалик унинг қиймати табиий газнинг аҳолига сотиш нархнинг ўзгаришига қараб ўзгаради.

Аҳолини маиший газ баллонлар билан таъминлаш "Ўзтрансгаз" АЖ томонидан бепул ва узоқ муддатли ижара асосида амалга оширилади. 

Аҳоли таъминоти бўйича муаммонинг ижтимоий аҳамиятини инобатга олган ҳолда, асосий эътибор газ қувурлари тизими хизматидан фойдалана олмайдиган узоқ ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларига қаратилган. Ҳозирги кунда, Ўзбекистонда суюлтирилган газдан фойдаландиган хонадонлар сони 2,9 миллион ташкил этади.

Аҳолининг асосий шикояти етарли газ баллонларинг вақтида етказиб берилмаётганидан иборатдир. Бунда муаммолар ҳали тўла бартараф этилмаган. "Ўзтрансгаз" АЖ туман бўлинмаларининг ҳаммасида ҳам буюртма ва жадвал бўйича ишлаш тўғри ташкил қилинмаган.

Хусусан, табиий газ етказиб бериш имконияти йўқ қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳоли, уларнинг эҳтиёжлари учун табиий газ баллонларни ажратиш таклифи билан мурожаат қилган. Мутахассилар жойларга чиқиб, газ баллонларга бўлган зарурият даражасини аниқлаб, улар асосида маиший газ баллонлар ижара шартномаси асосида аҳолига ажратилган.

Жами республика бўйлаб 2018 йилнинг биринчи ярмида аҳоли эҳтиёжи учун қўшимча 208 минг дона маиший газ баллонлар ажратилган.

Шу билан бирга, айрим фактлардан умумий хулоса чиқариш тўғри бўлмайди. Шунда, Наманган вилояти аҳолисига суюлтирилган газ баллонларни етказишда ҳам муаммолар келиб чиқаётгани ҳақида хабар тарқамоқда. Ҳолбуки, 2018 йилнинг биринчи ярмида Наманган вилояти аҳолисига 18,5 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган, бу дегани, ўтган йилнинг шу даврига қараганда 13 фоиз ёки 2,18 минг тоннага кўпроқ. Муайян аҳоли пунктлари ҳақида гап кетаётган бўлса, унда ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиш ва қарор чиқариш зарур.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ матбуот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *