Давлат солиқ қўмитаси 10 минг нафардан ортиқ ходимининг касбий маҳоратини оширади

авг 08 / 2018
alt
Давлат солиқ қўмитаси солиқ ислоҳотларининг ижобий амалга оширилиши биринчи навбатда малакали ходимларга боғлиқлигини инобатга олиб, ходимларнинг билимини ошириш ва қайта тайёрлашга қаратилган кенг кўламдаги тадбирлар дастурини ишлаб чиқди. 
Унга кўра, малакали мутахассислар ва замонавий экспертлар бевосита жойларда 10 минг нафардан ортиқ солиқ ходимлари билан аниқ графиклар асосида ўқув машғулотларини олиб боради. 
Машғулотларда асосий эътибор, солиқ қонунчилиги бузилишидан олдин солиқ тўловчилар орасида профилактик ишларни олиб бориш ва солиқларни тўлашдан қочиш “схема”ларини аниқлашга қаратилади.
Бунинг учун ҳар бир назорат йўналиши, жумладан, профилактик тадбирлар, масофавий назорат, корхоналарнинг хўжалик фаолияти бўйича текшириш ўтказиш, солиқ тўловчиларнинг паспортини тузиш, хронометраж ва кўздан кечириш натижаларини расмийлаштириш бўйича алоҳида мавзулар, услубий қўлланмалар, тузиладиган ҳужжатлардан нусхалар, кўрсатмали ҳамда тарқатма материаллар тайёрланган. 
Шунингдек, ўқув жараёнида касбий маҳорати билан бирга ходимларнинг солиқ тўловчилар билан мулоқот қилиш маданиятига ўргатиш бўйича психологик тренинглар ўтказилади.
Ўқув курслари якунида ходимлар тест синовларидан ўтади ва кейинги фаолиятини самарали ташкил этиши учун тавсиялар берилади, дея хабар беради ДСҚ матбуот ҳизмати. 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *