2018 йилнинг биринчи чорагида айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи арзонлашди
02 апрел 2018, 21:44 2834 кўрилди

alt

Республика ҳудудлари бўйича Марказий банк томонидан амалга оширилган нархлар динамикасини кузатиш натижалари, асосий истеъмол товарлари нархларининг 2018 йил 1 чорагида барқарорлашганини кўрсатмоқда.

МБ маълумотларига кўра, кузатиш саватига киритилган истеъмол товарлари нархлари 2018 йил 1 чорагида ўртача 1%га ошди.

Шунингдек, жорий йилнинг январь ва февраль ойларида ушбу товарлар гурухи ўртача нархларини ошиши 0,6 ва 0,7 фоизни ташкил қилган бўлса, март ойида эса нархларининг 0,4 фоизга пасайиши кузатилган, бу ўз ўрнида ўрганилаётган товарлар нархларини аста-секин пасайиши ва барқарорлашаётганини кўрсатмоқда.

Хусусан, ҳудудлар бўйича йиғилган маълумотларга кўра, 2018 йилнинг январ – март ойлари давомида пиёз – 46,4 фоизга, тухум – 23,3 фоизга, шакар – 10 фоизга, картошка – 6,2 фоизга, гуруч – 4,2 фоизга, ўсимлик ёғи – 3,2 фоизга, буғдой уни – 2,2 фоизга, сабзи – 1,8 фоизга арзонлашди. Шу билан бирга, гўшт нархи – 1,1 фоизга ошди.

Ноозиқ овқат маҳсулотлари орасида кийим-кечаклар нархи – 4,9 фоизга, оёқ кийимлар – 3,8 фоизга, телевизор – 7,8 фоизга, чангютгич – 4,4 фоизга ва совутгич – 3,5 фоизга пасайиши кузатилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра 2017 йилнинг 1 чорагида юқорида кўрсатилган маҳсулотлар нархларида ўсиш қайд этилган. Хусусан, пиёз – 47,2 фоизга, картошка – 27,2 фоизга, тухум – 3,1 фоизга, сабзи – 1,9 фоизга, ўсимлик ёғи – 1,5 фоизга, шакар – 1,4 фоизга, буғдой уни – 0,6 фоизга, гўшт ва парранда – 0,5 фоизга, кийим кечак – 2,9 фоизга, оёқ кийим – 2,1 фоизга, совутгич – 4,8 фоизга, телевизор – 3,3 фоизга, чангютгич – 2,4 фоизга қимматлашган.

Жорий йилнинг январ-март ойларида алмашув курсини барқарорлиги, пул массасини паст суръатларда ўсиши иқтисодиётда истеъмол маҳсулотлари нархлари ўзгаришига монетар омиллар таъсирининг олдини олишга ҳамда нархларнинг таклиф омиллари ҳисобига шаклланишига хизмат қилди, дейилади Марказий банк хабарида.

Жумладан, валюта алмашув курси 0,5 фоизга мустаҳкамланди, маълумот учун ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 10 фоизга қадрсизланган.

2018 йилниг 1 чорагида умумий пул массаси 1 фоизга ошди (2017 йилнинг шу даврида 7,6 фоизга ошган). Муомаладаги нақд пуллар ҳажми эса 6 фоизга камайди (2017 йилнинг шу даврида 21 фоизга ошган).

Шунингдек, олдинги йилларда рақобат мухитини етарли даражада ривожланмаганлиги нархларнинг мавсумий тебранишларини келтириб чиқарган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида ички истеъмол бозорида, хусусан импорт товарлар сотилишида рақобат мухитини босқичма-босқич яхшиланиши мавсумий тебранишларни юмшатишга хизмат қилди.

Марказий банк томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра жорий йил бошидан иқтисодиётда сезилган ва кутилаётган инфляция даражаси ойма-ой пасаймоқда. Ички бозорда кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган товарлар таклифи барқарорлигини ҳамда нархлар ўсишига таъсир этувчи бошқа фундаментал асослар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, Марказий банк нархлар кескин ўсишига объектив сабаблар мавжуд эмас деб ҳисоблайди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама