Зулфиқор Мусоқовнинг "Дадам бетоб" фильми "Евразия" кинофестивали дастуридан олиб ташланди
03 июл 2018, 16:17 572 кўрилди

alt

 

 

 

Аввал маълум қилганимиздек, Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида 14-халқаро “Евразия” кинофестивали бўлиб ўтмоқда. Фестивалга  Европа, Болтиқбўйи мамлакатлари, Осиё,  Яқин ва Узоқ шарқдан бир нечта давлатлардан кино ижодкорлар ташриф буюрган. Мазкур фестивалда 4 йўналишда иш олиб борилади.

“Ёш кино ижодкорлар кенгаши ҳамда “Кинематографияни ривожлантириш маркази” бошчилигидаги 14 кишидан иборат ўзбек кино делегацияси ҳам мазкур фестивалга ташриф буюрди. “Евразия” кинофестивалининг асосий танловига қўйилган 12 та фильм ичида, кинорежиссёр Рашид Маликовнинг “Сабот” деб номланган фильми ҳам ғолиблик учун курашади. Қисқа метражли фильмлар танловида эса ёш, умидли кинорежиссёрлар: Абдуазим Илҳомжонов  ҳамда Ботир Абдураҳмоновларнинг  “Мама” фильми иштирок этяпти. Москва халқаро кинофестивалида ҳакамлар ҳайъатининг махсус совринига сазовор бўлган “Сабот” фильми “Евразия” кинофестивали ҳайъат аъзолари ҳамда қозоқ томошабинлари томонидан ҳам қизғин кутиб олинди. 

“Караван” деб номланган танловдан ташқари намойишда кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг “Назира” деб номланган бадиий фильми томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. “Евразия” кинофестивалидаги мазкур йўналишда намойиш этилиши режалаштирилган яна бир ўзбек фильми, кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг “Дадам бетоб” фильми эса фестиваль талабларига жавоб берадиган варианти етказиб берилмаганлиги сабаб дастурдан олиб ташланди. 

Ўзбек кино саноати вакиллари ҳам  фестиваль доирасида ташкил этилган кино бозорида  ўз павильонлари билан иштирок этишди. Ўзбек павильони дунё кино саноатига “Сабот”, “Назира”, “Скорпион”, “Мақсад” ҳамда “Тинчлик” ортида бадиий фильмларини тақдим этди.

“Ёш кино ижодкорлар кенгаши” ҳамда “Кинематографияни ривожлантириш маркази” томонидан шу йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган “PROLOGE” ҳалқаро кинофестивали ҳамда “Евразия” кинофестивали ташкилий қўмитаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси, мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш ва уларни янги босқичга олиб чиқиш йўлида ташланган яна бир янги қадам бўлди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама