Тарихда илк бора Франциядаги 71-Канн Халқаро кинофестивалида Uzbekistan павильони ташкил этилади
12 феврал 2018, 16:25 2031 кўрилди

alt

2018 йилнинг 8-19 май кунлари Франциянинг машҳур Круазет соҳили бўйидаги Фестиваллар ва конгресслар саройида биринчи маротаба тақдим этиладиган юртимиз павильони Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгаши томонидан ташкил этилмоқда. Бу бўйича Кинематографияни ривожлантириш маркази дунёнинг биринчи рақамли халқаро кинофестивали Канн кино бозори дирекцияси билан шартнома имзолади.

Ҳар йили ташкил этиладиган кинобозор дунё кино саноатидаги асосий бизнес ва маданий воқеалардан бири ҳисобланади. Ўтган йилнинг ўзида мазкур тадбирда жаҳоннинг 118 мамлакатидан 12 мингдан ошиқ киши иштирок этган ва бу кўрсатгич йил сайин ортиб бормоқда.

Павильон қатнашчилари кино бозорида турли мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонларга  Ўзбекистон киноижодкорларининг фильмлари ҳамда мамлакатимизнинг бой кино локация ҳақида маълумотларни тақдим этиб, республикамизнинг маданий ва маънавий қадриятлари билан уларни яқиндан таништирадилар. Шунингдек, у ерда 2018 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган, шу йилдан бошлаб халқаро кинофестиваль мақомини олган “PROlogue” тақдимоти ҳам ўтказилади.

Юртимиз павильони халқаро майдонда мамлакат имижини ошириш, келажакда республикамизнинг истеъдодли киноижодкорларини дунё миқёсида танитиш, Ўзбекистон кино санъатига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш, шу билан бирга “PROlogue – 2018” кинофестивалида кўплаб хорижий мутахассис ва киноижодкорларнинг иштирокини таъминлаш ҳамда давлатимизнинг туризм салоҳиятини янада оширишда катта аҳамият касб этади.

Кинематографияни ривожлантириш маркази матбуот хизмати

Шархлар
Реклама