Селим Конду: "Буюк ўзбек шоири Эркин Воҳидов "Тарихингдир минг асрлар. Ичра пинҳон, ўзбегим", деганида нақадар ҳақ эди"
07 июн 2018, 17:06 147 кўрилди

alt

Аввал хабар қилинганидек, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси бўлиб ўтди.

Кун давомида “Маданий меросни сақлаш, ўрганиш ва оммалаштиришнинг долзарб йўллари умумжаҳон муаммоси сифатида: Ўзбекистон тажрибаси”, “Буюк ипак йўли марказида Шарқ ва Ғарб маданий анъаналарининг ўзаро таъсири”, “Инсонпарвар ва маърифий Ислом Ўзбекистон маданий меросида”, “Амалий безакли санъат: турмуш, эътиқод ва гўзаллик уйғунлиги”, “Мовароуннаҳр китобат санъати” сингари йўналишлар бўйича Ўзбекистон ва дунё олимларининг ранг-баранг маърузалари тингланди.

Маърузачилар ўз чиқишларида дунёнинг турли ҳудудларида сақланаётган ўзбек маданиятининг бебаҳо дурдоналари, уларнинг тарихи, ўрганилиши, ўзига хос жиҳатлари тўғрисида қимматли маълумотлар беришди.

Гулбаҳор Изентаева, И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музйи директори:

— Икки йилдан бери “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Халқаро конгрессида иштирок этиб келяпман. Лойиҳа доирасида бизнинг музейимизга бағишланган китоб-альбом ҳам чоп этилди. Ўйлайманки, бундай илмий анжуманлар биз — музей ходимлари  фаолиятида ҳам жуда катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди. Дунёнинг йирик музейлари вакиллари билан учрашамиз, улар билан тажриба алмашамиз.

Шунингдек, анжуманда “Ўзбекистон маданий мероси – дунё тўпламларида” туркумидан чоп этилган “Ўзбекистон маданий мероси Давлат дин тарихи музейида”, “Ўзбекистон гиламчилиги: асрларга тенгдош анъаналар”,  “Ўзбекистон маданий мероси  – Ўзбекистон Давлат Санъат музейи тўпламларида”, “Ўзбекистон маданий мероси – Германия музейларида” китоб-альбомларининг ҳамда ушбу мавзуда суратга олинган ҳужжатли фильмларнинг тақдимоти ўтказилди.

Айни пайтга қадар “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидан 10 та китоб чоп этилди. Яна бешта китоб-альбом чоп этилиш арафасида.  

Селим Конду, Туркиядаги “Мега басин” нашриёт уйининг бош директори:

— Буюк ўзбек шоири Эркин Воҳидов “Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон ўзбегим” деганида нақадар ҳақ эди. Чиндан ўзбек халқининг маданий мероси туркий халқлар орасида ўзининг ноёб ва бетакрорлиги билан ажралиб туради. Бу улкан хазинанинг дунё миқёсидаги тарғиботида ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан бениҳоя мамнунмиз. Мазкур китоб-альбомлар ҳам энг илғор матбаа технологияари, ҳам қўл меҳнатидан фойдаланган ҳолда чоп этилмоқда. Биз бундан кейин ҳам ушбу хайрли лойиҳа асосида ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз.

Сергей Лаптев, Япониянинг Сигараки шаҳридаги Михо музейи махсус илмий ходими:

— Айни пайтда Ўзбекистоннинг Япониядаги маданий мероси дурдоналарига бағишланган китоб-альбом устидаги ишларимизни тугатиш арафасидамиз. Биз мазкур альбомни яратиш жараёнида Япониянинг ўнта музейидаги экспонатларни ўрганиб чиқдик. Кунчиқар ўлкада сақланаётган Ўзбекистонга оид энг қадимий  артефактлар VIII асрга бориб тақалади. Бу нодир топилмалар айни пайтда император саройида сақланади ва япон халқининг миллий хазинасидан ўрин олган. Бу мисоллар Япония ва Ўзбекистон орасидаги маданий алоқалар жуда узоқ ўтмишга бориб тақалашини исботлайди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон маданий мероси – халлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси Иккинчи Халқаро Конгресс доирасида Санкт-Петербургдаги Россия Этнография музейи, Кунсткамера, Дин тарихи Давлат музейи, Россия Миллий кутубхонасида Ўзбекистон маданий меросига оид кўргазмалар ташкил этилди. Конгресс 8 июнь куни ўз ишини якунлади.

Шархлар
Реклама