Санкт-Петербургда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти тузилди

июн 08 / 2018

alt

Хабарингиз бор, 6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси ўтказилди. Конгресс давомида Санкт-Петербургдаги бир қатор музейлар ва маданият муассасаларда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазмалар ташкил этилди.

Конгресснинг асосий тадбири Россия Фанлар академиясининг Максим Горький номидаги Олимлар уйида Ўзбекистон ва дунё олимлари дунёнинг турли ҳудудларида сақланаётган ўзбек маданиятининг бебаҳо дурдоналари, уларнинг тарихи, ўрганилиши, ўзига хос жиҳатлари тўғрисидаги қимматли маълумотлардан иборат маърузалар қилишди.

8 июнь куни “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси якунларига кўра, Санкт-Петербургда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамиятини тузиш ҳақида резолюция қабул қилинди. Унда Жамиятнинг мақсад ва вазифалари белгиланган, унинг илмий кенгаши раиси ва аъзолари сайлангани баён этилган.

Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг Илмий кенгаши раиси этиб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзе сайланди.

Бутунжаҳон жамиятнинг илмий кенгаши аъзоларига Ўзбекистон ва хориж мамлакатларининг етакчи олимлари, жумладан, Ирина Попова, Ефим Резван, Акбар Ҳакимов, Шокир Пидаев, Александр Наймарк, Рустам Сулаймонов ва бошқалар киритилди.

Жамиятнинг илмий кенгаши фаолиятида ва унинг вазифаларини амалга оширишда Ҳукумат ҳамкорлик қилади. Жамият раислигига “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” эксклюзив мультимедиа лойиҳасининг муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдуҳолиқов бир овоздан сайланди.

Жамиятнинг бошқарув аъзолари этиб Павел Лурье, Сергей Лаптев, Камола Оқилова, Криста Пиккат сингари олим ва тадқиқотчилар сайланди.

Бутунжаҳон жамиятининг ташкил этилиши олимлар, тадқиқотчилар, коллекционерлар, ОАВ вакиллари ҳамда Ўзбекистон маданий меросини шунчаки қадрловчи кишиларга фаол ҳамкорлик қилиш имконини беради. Жамият бутун дунё бўйлаб ўтказиладиган халқаро тадбирлар, кўргазмалар, тақдимотлар, маданий форумлар ташкил этиш билан, шунингдек, дунё музейларида сақланаётган ўзбек маданий меросига алоқадор буюмлар ва артефактларни ўрганиш билан шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ташаббус илк бор 2017 йилнинг май ойида Тошкент ва Самарқандда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Халқаро Конгрессида маълум қилинганди. Конгресснинг 300 нафардан зиёд иштирокчилари томонидан қабул қилинган якуний декларацияда Бутунжаҳон жамиятни тузиш зарурияти ҳақида сўз борганди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *