Санкт-Петербург шаҳри қамалда қолган пайтда ҳам Алишер Навоийнинг 500 йиллиги нишонланган
07 июн 2018, 19:19 214 кўрилди

alt

Аввал хабар берилганидек, 6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси бўтди.

Конгресс доирасида “Ўзбекистон маданий мероси Давлат эрмитажи тўпламларида” китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажи сайёрамиздаги энг катта ва машҳур музейлардан саналади. Бу ерда ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихига оид жуда катта миқдордаги маданий ёдгорликлар сақланмоқда. Ўтган асрда мамлакатимиз ҳудудида олиб борилган археологик экспедициялар давомида топилган осори атиқалар, турли даврларга оид тангалар, қўлёзмалар ва ҳужжатлар, халқ амалий санъати намуналари, заргарлик, мисгарлик ва кандакорлик маҳсулотлари халқимизнинг бой ва бетакрор тарихи, буюк маданияти ифодаси сифатида музей экспозицияларида намойиш этиб келинмоқда.

— Санкт-Петербург Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда катта аҳамияга эга, - дейди Давлат Эрмитажи директори Михаил Пиотровский. – Иккинчи Жаҳон уруши даврида, шаҳар қамалда қолган пайтда ҳам бу ерда буюк ўзбек шоири Алишер Навоийнинг 500 йиллиги нишонлангани ҳам фикримни тўла исботлайди. Давлат Эрмитажида ўзбек маданиятининг бебаҳо  дурдоналари сақланмоқда. Ўйлайманки, Ўзбекистон маданий меросини тарғиб этишда Эрмитажнинг ўз ўрни бор. Биз келгусида турли мамлакатларда Эрмитаж кунларини ўтказиш, музей ходимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Эҳтимол, Ўзбекистонда ҳам шундай тадбирларни ўтказиш вақти келгандир. Чунки, бугунги кунда мамлакатингизда тарихий меросни асраб- авайлаш борасида ҳавас қилишга арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги халқаро Конгрессни бу йўлдаги муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Шархлар
Реклама