Россиянинг етакчи музейларида Ўзбекистон санъати ва маданий мероси намойиш этилади

июн 06 / 2018

Хабарингиз бор, 6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси бўлиб ўтади.

Бугун Конгресс арафасида Россиянинг йирик музейларида Ўзбекистон санъати ва маданий меросига бағишланган 6 та кўргазма иш бошлайди. Айни вақтга қадар Россия этнографик музейида «Ўзбекистоннинг бадиий тўқимачилик дурдоналари» номли кўргазма очилди. Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда асрлар давомида миллий ҳунармандчиликнинг тўқимачилик, зардўзлик, гиламчилик сингари турлари тараққий этганини таъкидлаб ушбу музейда сақланаётган дурдоналарнинг аҳамияти хусусида сўз юритдилар.

– Ўзбекистон маданий маданий меросини тадқиқ ва тарғиб этиш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан биридир, – деди маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова. – Биргина бугунги кўргазманинг ўзиёқ Ўзбекистон айримларнинг тасаввуридаги сингари фақатгина муҳожирлар мамлакати эмас, санъат ва маданиятнинг қадимий бешикларидан бири эканини яққол кўрсатади.
– Музейимиз Россиядаги энг қадимий маданий муассасалардан бири ҳисобланади, – дейди Россия этнография музейи директори Владимир Моисеевич Грусман. – Музейга Ўзбекистон ҳудудидан этнография материалларининг келтирилиши юз йилдан кўпроқ тарихга эга. Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистоннинг бугунги кунда дунёнинг турли ҳудудларига бориб қолган маданий мерос дурдоналарини ўрганиш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Бугун шаҳримизда бошланган Иккинчи халқаро конгресс ҳам ана шу йўналишда амалга оширилаётган ишларга мисол бўла олади.
Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган иштирокчилар музейга Ўзбекистондан олиб келинган тарихий матолар, гиламлар, уй-рўзғор буюмлари билан танишдилар. Чиндан ҳам кўргазмани томоша қилиш асносида Ватанимизнинг бир аср аввалги тарихига тушиб қолгандек бўласиз. Кўргазмадан ўрин олган, миллий либослардаги манекенлар, интерьерлар, уй-рўзғор буюмари ўша давр муҳитини томошабин кўз олдида жонлантиради.
Кўргазмада намойиш этилган XIX аср охирларида Бухоро амирлигидан император саройига совға тариқасида юборилган улкан зардўзи парда, қимматбаҳо тақинчоқлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир давомида Россия Этнография музейига маданият масканларига юртимизнинг меъморий ёдгорликларидаги эпиграфика санъати ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбомлари туркуми беғараз туҳфа этилди. Бу ҳақда Конгресс ташкилотилари «UZ24»га хабар қилди.

Бугун Конгресс доирасида, шунингдек, Россия Миллий кутубхонасида ҳам кўргазма очилди. Унда 15-19 асрларга оид Алишер Навоийнинг қўлёзма асарлари ҳамда Самарқанд, Бухоро, Қўқоннинг қўлёзма китоблари намойиш этилмоқда.

Ушбу кутубхонага Ўзбекистон томонидан «Катта Лангар Қуръони», Ҳусайн Байқаронинг «Девони» ва  13 томли «Ўзбекистоннинг меъморий эпиграфикаси» китоб-альбоми совға қилинди.

Кўргазманинг муҳим жиҳатларидан бири, Россия Миллий кутубхонасида сақланаётган Алишер Навоийнинг қўлёзма асарларини рақамлаштириш ва факсимиле нусхаларини яратиш лойиҳаси тақдим этилди.

Бугуннинг ўзида яна бир қатор кўргазмалар очилиши кутилмоқда. Жумладан, Россия Дин тарихи Давлат музейи, РФА Буюк Петр номидаги Антропология ва этнография музейи (Кунсткамера), РФА Шарқ қўлёзмалари институтида Ўзбекистоннинг маданий мероси намойиш этилади.

Россия этнографик музейида очилган кўргазмадан фотолавҳа:

alt

alt

alt

Россия Миллий кутубхонасида очилган кўргазмадан фотолавҳа:

alt

alt

alt

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *