Россия Фанлар академиясининг Олимлар уйида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган Иккинчи Халқаро Конгресс иш бошлади

июн 07 / 2018

alt

Бугун, 7 июнь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси бошланди. Россия Фанлар академиясининг Максим Горький номидаги Олимлар уйида Конгресснинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур халқаро анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг бой маданий меросимизни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган оқилона сиёсатидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси, Маданият вазирлиги, бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

alt

Куни кеча Санкт-Петербургдаги бир қатор музейлар ва маданий муассасаларда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазмалар очилган эди. Анжуманда таъкидланганидек, бу кўргазмалар Россияда ўтадиган Футбол бўйича Жаҳон чемпионати кунларида ҳам ўз ишини давом эттиради ва минглаб хорижлик футбол мухлислари учун халқимиз маданияти билан яқиндан танишиш имконини беради.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова, мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор  элчиси Баҳром Ашрафхонов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори Роиқ Баҳодиров, ЮНЕСКОнинг Марказий Осиёдаги кластер бюроси раҳбари Криста Пиккат ва бошқалар Ўзбекистоннинг маданий меросини тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар хусусида тўхталиб ўтишди.

Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор  элчиси:

alt

— Ўзбекистон маданий меросининг нодир дурдоналарини бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида учратиш мумкин. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан халқимизнинг бой ва бетакрор маданиятини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга жуда катта аҳамият қаратилмоқда. Бугун Санкт- Петербургда ўтаётган ушбу халқаро Конгресснинг мақсади ҳам ана шу эзгу мақсадга йўналтирилган ва унинг айнан Санкт-Петербургда ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки азалдан бу шаҳар Россиянинг маданий пойтахти ҳисобланади. Қолаверса, бу шаҳар дунё шарқшунослик илмининг ҳам марказлариддан биридир. Бугунги кунда шаҳар музейлари, кутубхоналари ва илмий муассасаларида Ўзбекистонга оид бўлган минглаб нодир экспонатлар, қўлёзмалар сақланмоқда. Уларнинг ҳали қанчаси ўрганилмаган, кенг жамоатчиликка маълум қилинмаган. Бугунги анжуман ана шу меросни янада кенгроқ тарғиб этиш, уни чуқурроқ англаш имконини беради. Бугунги анжуман доирасида, дунёнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган олимлар билан бўлган мулоқот асносида, бундай илмий анжуманларни доимий асоссда, дунёнинг турли мамлакатлари, турли шаҳарларида ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Ўйлайманки, ана шу эзгу ишга ҳар биримииз қўлдан келганча ҳисса қўшсак, маълум маънода ўз халқимиз, Ватанимиз, аждодларимиз хотираси олдидаги бурчимизни бажарган бўламиз.

Франсиз Ричард, Лувр музейи ислом санъати департаменти экс-директори:

alt

— Мен францияликман. Бир неча йиллардан буён Лувр музейида ишлаб келаман. Ушбу тадбирга Франциянинг Лувр музейида сақланаётган Моворауннаҳр гиламчилик санъати намуналари ва Франция миллий кутубхонасидаги ўзбек маданиятига тегишли қўлёзмалар намунасидан иборат китоб-альбом билан иштирок этяпман. Бизнинг китоб-альбомдан жой олган коллекциялар асосан XV-XVI асрларга тегишли. Бу китоб – альбомнинг чоп этилиши ўзбекистонлик инсонлар учун ажойиб янгилик бўлади, деб ўйлайман. Келажакда нашр этиладиган альбомлар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг рассомчилик, бадиий тўқимачилик, хаттотлик санъатларига бағишланиши кўзда тутиляпти. Келажакдаги тадбирларда Франция нималар билан иштирок этади? деган савол туғилади, албатта. Мен ўйлайманки, Францияда турк, жумладан ўзбек маданиятига тегишли кўплаб ёдгорликлар мавжуд. Масалан, XVII асрга тегишли, Францияга Туркия орқали кириб борган бир қанча кўлёзмаларни мисол келтириш мумкин. Бу асарлар бир вақтлар Людовик XIV ҳукмронлиги даврида Истанбулнинг машҳур шахслари томонидан келтирилган. Улар орасида “Меърожнома”ни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Бу китоб ўз вақтида нафақат Францияда, балки бутун Европада анча машҳур бўлган. Лекин аввало, бу тадқиқотларни давом эттириш катта маблағ ва эътибор талаб қилишини айтиб ўтган бўлардим. Умид қиламанки, бу борадаги тадқиқотлар ҳали узоқ давом этади.

Конгресс кун давомида шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *