Нева соҳилидаги муҳокама олдидан — Иштирокчилар фикри
02 июн 2018, 12:36 933 кўрилди

alt

Хабарингиз бор, 6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси бўлиб ўтади. Конгресс доирасида Ўзбекистонга оид археология, тарих, шарқ қўлёзмалари, нумизматика, тўқимачилик, амалий санъат ва рассомлик бўйича илмий мунозаралар, Россия музейларида Ўзбекистон санъати ва маданий меросига бағишланган кўргазмалар, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” сериясига кирувчи 5 томлик китоб-альбомларнинг тақдимот маросимлари, хориж музейларида сақланаётган Ўзбекистоннинг тарихий меросларига бағишланган янги ҳужжатли фильмлар ҳам намойиши, шунингдек, маданий дастурлар бўлиб ўтади.

Мазкур конгрессда 200 нафардан ортиқ олимлар, экспертлар, дипломатлар, давлат ва жамоатчилик арбоблари, халқаро ташкилотлар, 30 дан ортиқ давлатларнинг ОАВ вакиллари иштирок этишади. Биз иштирокчиларнинг Конгресс олди фикрлари билан қизиқдик.

Фируза Мелвилл, Кембриж университети профессори:

alt

— Мен бир неча альбомларни нашр этишга масъулман. Уларда Марказий Осиёдан чиққан Буюк Британияда сақланаётган қўлёзмалар акс этади. Асосий реквизитлар бу Кембриж университетининг бош кутубхонаси ва Брюсселнинг бош кутубхоналаридир. Уларда қўлёзма артефактлари, керамикалари, нумизматика – тангалар коллекциялари сақланади. Бундан ташқари, яна жуда қизиқарли буюмлар бор...

Елена Титова, Бутунроссия амалий-безак санъати музейи директори:

alt

— Бутун дунё музей коллекцияларидаги миллий меросни тадқиқ этиш ҳар қандай мамлакат учун қизиқарли ва муҳим вазифа. Аммо бу вазифага яқинлашиш ва уни амалга ошириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шу боис мен бу борада ажойиб самараларни қўлга киритаётган ижодий гуруҳни табрикламоқчиман. Бу бўйича дастур ишлаётганидан хурсандман. Бизнинг музейимиз билан ҳамкорлик мисолида айтадиган бўлсам, турли даврларга оид 200 дан зиёд дурдоналар тақдим этилди. Улар орасида XVII-XIX асрларга мансублари ҳам бор. Айниқса, ёғоч ўймакорлиги, тўқувчилик, заргарлик безаклари кўзни қувонтиради.

Ирина Османова, Россия Давлат санъат музейининг “Шарқ дини" бўлими катта илмий ходими:

alt

— Олиб борилган тадқиқотларимиз, мавзуга чуқур ёндошувимиз туфайли музейимизда минтақа маданий меросига оид жуда кўп материаллар борлиги янада ойдинлашди. Археологик топилмалардан тортиб ҳужжатли расм ва суратларгача жами 300-400 атрофида предметлар йиғилди. Уларнинг аксарияти XIX аср охири  ва XX асрнинг 80-йилларигача бўлган даврга мансуб. Асарлар орасида Маков ва Дудин фотосуратлари, қолаверса, “Союзфото”, “ТАСС” агентликларининг фотожамланмалари мавжуд. Бир сўз билан айтганда, кўргазмадан Ўзбекистон санъатини намойиш этишга қаратилган турли-туман экспонатлар ўрин олган.

Баҳром Абдухалимов, Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти:

alt

— “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” халқаро анжуманида Шарқ қўлёзмаларига бағишланган маърузаларда иштирок этамиз. Ўзбекистонда жуда кўп нодир қўлёзмалар бор. Уларнинг бир қисми ўзимизда бўлса, бир қисми хорижий мамлакатларга тарқаб кетган. Мана шу сессияда дунёнинг турли давлатларидан келган маданият соҳаси мутахассислари ўз давлатларида Ўзбекистонга оид бўлган қанақа қўлёзмалар борлиги ҳақида маълумот беришади. Ундан ташқари, Ўзбекистонга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари уларга тарқатилади. Ўйлайманки, мана шу тадбир бизнинг қўлёзмаларимизни бир жойга тўплаш, уларни оммалаштириш ва тарғиб қилишга хизмат қилади. Энг катта сессия ҳам қўлёзмаларга бағишланган. Унда Европа, мусулмон мамлакатларидан етук мутахассислар қатнашиб, мана шу масалар бўйича фикр алмашадилар.

Васила Файзиева, Ўзбекистон давлат санъат музейи директори:

alt

— Ушбу иккинчи марта ўтказилаётган Халқаро конгресс Ўзбекистон тарихида, жумладан, музейимиз тарихида ҳам улкан ҳодиса бўлиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳада музейимиз махсус китоб-альбом билан иштирок этяпти. Китоб-альбом Ўзбекистон давлат санъат музейининг юз йиллигига бағишланади. Ушбу китобдан маданиятимизга хос амалий санъат, ҳунармандчилик, Марказий Осиё ёдгорликларига бағишланган бўлимлар ўрин олган. Шуни алоҳида қайд этишим керакки, ушбу тўпламнинг яратилишида лойиҳа ташкилотчилари, музейимиз ходимлари ва Ўзбекистонда шу соҳада фаолият олиб борадиган барча йирик мутахассислардан ташкил топган жуда катта жамоанинг меҳнати сингди.

Мени қувонтирган яна бир нарса, лойиҳа музейимиз фаолиятини ёритиш ва уни дунёга танитиш учун имконият эшикларини очади. Чунки китоб-албомдан ўрин олган саҳифаларда музейимиз фаолияти батафсил ёритиб берилган.

Фарруҳ Зокиров, Ўзбекистон халқ артисти:

alt

— Халқаро Конгрессга катта тайёргарлик кўрилаётганидан хабарим бор. Бу анжуман ўтган йили юртимизда жуда муваффақиятли ўтказилган эди. Умуман, Ўзбекистон санъатига, маданий меросига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон ушбу анжумандан, унинг ўтказилишидан фахрланмай қолмайди. Мен дунё кезган, бой маданий меросга эга юрт фарзанди сифатида шуни айтмоқчиманки, бизнинг ҳам илмий, ҳам тарихий меросимиз дунёда тенгсиз. Бугун бу гапни бутун дунё ҳам тан оляпти, десак янглишмаймиз.

Ушбу анжуман халқлар ўртасида маданий алоқаларни янада мустаҳкамлайди, бизни уларга яқиндан танитади. Конгресс Санкт-Петербургда ўтказилиши бежиз эмас. Бу шаҳардаги музейларда қанчадан қанча бойликларимиз сақланмоқда. Улар ҳақида маълумотлар жамланиб, тўпламлар тайёрланганилиги ва уларнинг катта тақдимоти, менимча, бу жуда катта меҳнат, жуда катта иш.

Зухра Раҳимова, К. Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти профессори:

— Ўзбекистон ҳудудида яратилган ноёб расмлар, ҳайкал, тангалар, археологик объектлар, матолар, заргарлик буюмлари, гиламлар, каштадўзлик, кулолчилик, қўлёзма асарлари, миниатюралар  асрлар мобайнида дунё музейлари бўйлаб тарқалиб кетган. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, уни сақлаб қолиш ва оммалаштиришга бағишланган ушбу лойиҳа ҳали бирор бир мамлакат тарихида амалга оширилмаган. Лойиҳа мамлакатимиз тарихини ўргануви ва қадрловчи мутахассисларга нафақат артефактларни тўплаш имкониятини яратади, балки уларни Ўзбекистон музейларида сақланаётган маданий мерос билан солиштириш, йўқолган атрибутларни тиклаш имкониятини ҳам беради. Шубҳасиз, лойиҳани ушбу соҳада фаолият олиб бораётган ва ўзбек маданияти ва санъатини ўрганувчи мутахассислар учун катта ҳодиса, дейиш мумкин. Конгресснинг Санкт-Петербургда ўтказилаётгани унинг қийматини янада оширади. Чунки Петербургнинг шарқшунослик мактаби дунёда энг кучлиларидан бири ҳисобланади ва петербурглик олимлар Ўрта Осиё маданиятини ўрганишга катта ҳисса қўшганлар.

Марказий Осиё санъат миниатюралари тадқиқотчиси сифатида Санкт-Петербургда ўтказилаётган ушбу лойиҳада XVI-XVII асрларда Моворауннаҳрда яратилган қўлёзмалар миниатюраси билан танишиш имкониятига эга бўляпман.

Яна бир қизиқ ҳолат, Конгресс вақти Россиядаги оқ тунларга тўғри келаркан. Бу албатта, лойиҳа атмосферасига гўзаллик ва мўжизакорлик бағишлайди.

Бахром Шамсутдинов, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси аъзоси:

 — Конгресс иштирокчиларини ўзимизнинг мазали миллий таомларимиз — шарқона сомса, тўйимли ўзбекона шўрва, ва  албатта, палов орқали ҳайрон қолдирмоқчимиз. Ош тайёрлаш учун бизга қозон, ўчоқ ва табиий олов ташкил қилиб беришмоқда. Шунингдек, ачичук ва замонавий салатлар тайёрланади. Ширинликлардан эса шарқона пахлава пишириш режалаштирилган. Яна бир муҳим жараён, ҳамма тамолар, меҳмонлар учун маҳорат дарслари сифатида уюштирилади. 2 кун давомида эрталабдан то кечга қадар таомлар тортиқ қилинади.  Хуллас, меҳмонлар  биздан хурсанд бўлишига шубҳам йўқ!

Шархлар
Реклама