Муборак Рамазон ойида Санкт-Петербургда "Катта Лангар Қуръони" намойиш этилади
30 мая 2018, 15:23 1120 кўрилди

alt

Қуръони Каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар  нусхалардан бири “Катта Лангар Қуръони” деб аталади. Бугунги кунда қўлёзманинг саҳифалари Санкт-Петербург, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида, шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида сақланади.

“Катта Лангар Қуръони” 2018 йилнинг 6-8 июнь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресси доирасида намойиш этилиши кутилмоқда. Конгресс иштирокчилари, шунингдек, “Девони Ҳусайни” (Ҳусайн Байқаро), “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” (Беруний) ҳамда Огаҳий, Бедил, Ҳофиз Шерозий каби кўплаб муаллифларнинг қўлёзмаларини ҳам кўришлари мумкин бўлади.

“Катта Лангар Қуръони” ҳақида нима биламиз?

“Катта Лангар Қуръони” қўлёзмасининг бизгача 81 саҳифаси етиб келган. Бугунги кунда қўлёзма Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Ушбу китобни чуқур тадқиқ этган россиялик олим, тарих фанлари доктори, профессор  Ефим Анатольевич Резваннинг ёзилишича, ушбу қўлёзманинг яратилиши  VIII асрнинг охирги чорагида, араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю.Крачковский ўзининг “Араб қўлёзмалари устида” китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда инсттутут томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.

Мазкур қўлёзма матни  сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 52,5х34,0 см.ни ташкил этган. Матнлар араб алифбосининг энг қадимий турларидан бўлган  кўфий-ҳижозий хатида битилган. Саҳифаларнинг айримлари жуда яхши сақланган, баъзиларига, айниқса саҳифаларнинг бурчакларига  жиддий зарар етган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у  қайта  таъмирланган. Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган. Ушбу матнларнинг асосий қисмини бироз дағалроқ шаклда, насх ва настаълиқ хатида битилган Қуръон оятлари ташкил этади .

Қўлёзманинг Санкт-Петербургда сақланаётган қисмида Қуръони Каримнинг 44 та сураси оятлари (шундан 22 таси тўлиқ) ўрин олган. Дастхатдаги фарқларга қараганда, бу қўлёзма иккита котиб томонидан кўчирилган.  Китоб ҳажмининг катталигини ҳисобга олсак, уни тенг иккига бўлган ҳолда кўчиришган деб тахмин қилиш мумкин. Кейинчалик матнга қизил сиёҳ билан тузатишлар киритилган, ўчиб кетган сўзлар ҳам худди шу рангдаги бўёқ билан қайта тикланган.

Шархлар
Реклама